Шундай бўлиши аниқ эди. Чунки, электр энергиясига май ойидан бошлаб лимит жорий қилинган, олдиндан тўлов 2 ойга амал қилиши белгиланган, шу сабабли одамларнинг кўпчилиги май ойини эски нархда, лимитларсиз ўтказиб олганди. Июндан бошлаб эса «чўнтакларга зарба» бошланди.
Ҳозир кўпчилик лимитни умуман бекор қилишни талаб қилмоқда. Олдинга ўтиб фикр билдирсам, ижтимоий меъёрни бекор қилмаслик керак, лекин пича ошириш керак, деб ўйлайман. Қуйидаа шу ва бошқа хусусиятлар ҳақида.
Хўш, нега 1 июлда ҳали ишлатилмаган киловатт-соатлар қўшилиб қолмоқда?
Буни осонгина тушунтириш мумкин. Бу қандайдир тахминан пайдо бўлган ёки электр таъминоти корхонасидагилар ишлатилмаган ток учун одамларнинг бўйнига осмондан олиб ёзиб қўяётган сонлар эмас. Ҳаммаси фактик ҳисоб-китоб асосида. Фақат бу аввалги ойнинг сўнгги куни — 30 июн санасида истеъмол қилинган электр энергияси миқдори.
Компютер суткани тўлиқ якунламасдан уни ҳисоблаб ололмайди. Сутка якунланиб, соат 00:00 бўлганда эса сана 1 июлга ўзгаради ва шу кунга ёзиб қўйилади.
Албатта, ҳар ойнинг дастлабки саналарида «Ҳудудий электр тармоқлари» маълумотларни қайта ишлаш марказида профилактика ишларини олиб боради ва ҳисобланган электр энергияси сарфи корректировка қилинади.
Хўп, буниси тушунарли. Нархлар 1 июлдан барча учун баробар қимматлашди. Лимитлар тўлиқ жорий этилди. Энди одамларни «чақа» бошлади. Улар тез-тез тўлов қилишга мажбур бўлишмоқда. Электр энергияси назорати эса автоматлашган: олдиндан тўлов бўлмаса — ток узиб қўйилади.
Бу ҳолда электр энергияси, нафақат электр, газ, сув ва ҳоказолар ҳисобини кузатишнинг соддароқ ва осонроқ йўлини аҳолига тақдим этиш керак энди тезроқ.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 сентябрдаги «Коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини ташкил этиш тўғрисида»ги 726-сонли қарори билан бир қатор вазирлик ва идораларга 2018 йил 1 августгача ягона биллинг тизимини ишлаб чиқиш, 2019 йилнинг 1 январигача электр ва газ таъминоти корхоналарининг ахборот тизимлари ва базаларини улаш, 2021 йил 1 январгача ичимлик сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти базасини улаш топшириғи берилган эди. Қоғозда қолиб кетди.
Аслида, бундай тизимни яратишнинг мутлақо қийин жойи йўқ. Ўғирлаб, ёвуз ниятларда ишлатиш мумкин бўлган маълумотлар ҳам эмас.
















