Тўрт йил муқаддам сэр Кир сўл сиёсатчи Жереми Корбин ўрнига лейбористларнинг янги етакчисига айланганди. Шу палладан бошлаб унинг асосий вазифаси партияни марказчи позицияга қайтариш, шу тариқа, тарафдорлар сонини ошириш бўлганди.

Лейбористлар бунгача 14 йил давомида мухолифатда эди.

Сиёсат оламига кириб келишдан олдинги карьера

Лейбористлар етакчиси Кир Стармер Буюк Британиянинг янги бош вазири бўлди

Кир Стармер кўплаб ҳамкасбларига қараганда анча кечроқ Жамоалар палатаси депутати бўлган: у бу вақтда 50 ёшдан ошган, унга қадар эса муваффақиятли ҳуқуқшунос сифатида карьера қилганди.

Аммо уни доим сиёсат қизиқтирган ва ўсмирлигида у сўлларнинг радикал ғояларига эргашган.

Стармер 1962 йилда Лондонда туғилган, кейин эса оила Сарри графлигига кўчиб ўтади. Сэр Кир ўзининг ишчилар синфига мансуб экани ҳақида гапиришни ёқтиради.

У ишчилар оиласидаги тўрт фарзанддан бири эди: унинг отаси заводда слесар бўлиб ишлаган, онаси – ҳамшира эди.

Янги бош вазирнинг барча оила аъзолари Лейбористлар партиясининг содиқ тарафдорлари эди. Табиийки, унга партия асосчиси ва илк етакчиси, шотландиялик кончи Кир Ҳарди шарафига исм беришган.

Аммо оиладаги ҳаёт тинч эмасди. Кир Стармер ўз ҳикояларида отасини совуққон ва одамови киши сифатида таърифлаган. Онаси эса ҳаётининг кўп қисмида Стилл касаллиги ҳам деб аталувчи аутоиммун касаллигидан азият чеккан. Охир-оқибат у ногиронлар арафачасига ўтириб қолган ва тилдан қолган. Бундан ташқари, унинг оёғи ампутация қилинади.

Кир Стармер 16 ёшида Лейбористлар партиясининг маҳаллий ёшлар бўлими сафига киради. Маълум вақт давомида у сўл радикал қарашларга эга «Социалистик муқобиллар» журналида ишлайди.

Кир Стармер университетда

Кир Стармер ўз оила аъзолари орасида университетга кирган биринчи талаба бўлганди. У Лидс ва Оксфордда ҳуқуқни ўрганади, кейин эса инсон ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган адвокат бўлиб ишлайди.

Ўша йилларда у Кариб ҳавзаси ва Африкада ўлим жазоси бекор қилиниши устида ишлайди.