8 июл тонгида Россия қўшини Киев ҳамда Украинанинг бошқа шаҳарлари бўйлаб ёпирилма ракета зарбаси йўллади. Сўнгги маълумотларга кўра, Киевда 17 киши ҳалок бўлиб, 41 киши жароҳатланган, деб хабар қилди Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко.

Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ишлаган, дея хабар беради шаҳар ҳарбий маъмурияти. Маъмурият маълумотига кўра, уриб туширилган ракета парчалари Соломенский, Днипровский, Дарницкий, Святошинский, Деснянский, Шевченково ва Голосеевский районларига тушган.

Шаҳар ҳарбий маъмуриятига кўра, Соломенский районида офислар биноси ҳужумга учраган, кўп қаватли бинонинг икки қавати шикастланган, 1500 квадрат метр майдонда вайронгарчиликлар қайд этилган. Бу ерда етти киши ҳалок бўлган. Расмийлар Голосеевский районида парчалар турар жой атрофига тушиб, гаражга зарар етказгани, автомобиллар ёниб кетгани, Днепровскийрайонида қурилаётган бинода ёнғин чиққани, Дарницкийда хусусий уй зарбага учрагани, Деснянскийда — уйлардан бири ёниб кетгани, Святошинский районида турар жой биноси атрофида ва корхоналардан бирида ёнғин чиққани ҳақида хабар беришган.

Киев, 2024 йил 8 июл
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Киевдаги турар жой биноларидан бири ракета зарбасидан кейин, 2024 йил 8 июл
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Тиббиёт ходимлари Киевдаги ракета зарбасидан жабрланганларга ёрдам кўрсатмоқда, 2024 йил 8 июл
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Киевнинг Шевченково районида кўп квартирали турар жой шикастланган, деб хабар берган шаҳар раҳбари Виталий Кличко. Бир неча подъезд шикастланган, улардан бири тўлиқ қулаб тушган. Уйда яшовчилар эвакуация қилинган.

Киевда ракета зарбаси оқибатида Голосеевский ва Шевченково районларида учта трансформатор нимстанциялари, шунингдек электр тармоқлари тўлиқ вайрон бўлган ёки шикастланган, деб хабар беради ДТЭК энергетика компанияси. «Энергетиклар жойида ишламоқда. Уйларнинг кўпчилигига яқин вақтлар ичида захира манбалари ҳисобига электр етказиб берилади», — дейилади компания хабарида.