Биржага ва унинг асосий ҳисоб-китоб тузилмалари — Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб депозитарийсига нисбатан Америка санкциялари жорий этилгач, Хитой юани биржа валюта бозорининг 99,6 фоизини эгаллаб олди, дейилади Марказий банкнинг июл ойидаги «Молия бозорларидаги рисклар шарҳи» ҳисоботида.

Россия Украинада уруш бошлагунга қадар Москва биржасидаги валюта олди-сотдиларининг атиги 3,5 фоизи юан ҳиссасига тўғри келарди. 2024 йилнинг бошида бу кўрсаткич 50 фоизгача кўтарилган. Энди эса Россиянинг асосий савдо майдончасида юандан бошқа деярли ҳеч нарса қолмади. Бозорнинг қолган 0,4 фоиз қисмини «дўстона» давлатларнинг валюталари эгаллаган. Уларнинг орасида Баларус рубли ва Қозоғистон тангаси кабилар бор ва уларнинг курсини Мосбиржа бош саҳифасига жойлаштириб қўйган.

Шунингдек, икки йил аввал зарарли доллар ва еврога муқобил сифатида кўрилган Туркия лираси билан ҳам савдолар давом этмоқда, лекин бу савдолар миқёси шитоб билан тушиб бормоқда. Агар ўтган йили лира билан ойига 50 млрд рубллик (кунига 2 млрд рубл) савдо бўлган бўлса, энди айланмалар қарийб 100 баробарга тушиб кетган — кунига 20–30 млн рубл.