Жаҳон | 13:37 / 16.07.2024
26439
5 дақиқада ўқилади

«Пригожиннинг таклифига рози бўлгандим» – яна бир ўзбекистонлик собиқ вагнерчига ҳукм ўқилди

Россияда қотиллик учун қамалган ушбу шахс сақланган қамоқхонага Евгений Пригожиннинг ўзи келиб урушга тарғиб қилган ва маҳбуслардан 700-800 нафари Украинага боришга рози бўлган.

Фото: Василий Дерюгин, Коммерсантъ

Наманган вилоятининг Поп туманида яшовчи йигит 2022 йил сентябр ойида Россиядаги қамоқхонада жазо ўтаётган вақтида Евгений Пригожиннинг таклифига кўра «Вагнер» ХҲК сафига ёлланган. Унга урушда тирик қолса, судланганлик ҳолатини олиб ташлаш, 1,2 млн рубл пул ҳамда Россия фуқаролигини бериш ваъда қилинган. Луҳанск областидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган ушбу шахс «За родину» кўкрак нишони билан тақдирланиб, 2023 йил охирида Ўзбекистонга қайтиб келган.

Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик йигитга ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Поп туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган Ғолиб Алиев 2016 йилда ишлаш учун Россияга кетган. У ўша йили Россияда қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятни содир қилгани учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳамда Тамбов областидаги жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилган.

2022 йил сентябр ойида ўз ихтиёри билан «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси сафига ёлланган. У «Вагнер» ҳарбийлари билан биргаликда Украинанинг Луҳанск области ҳудудида Россия томонидан Украинага қарши олиб борилаётган жанговар ҳаракатларда қатнашган. 2023 йил 21 январ куни чап елка қисмидан яраланиб, ҳарбий госпиталда даволанган ҳамда 2023 йил 3 март куни ҳарбий компания билан шартнома муддати тугагани сабабли Россияга қайтиб кетган. Жанговар хизматлари учун Россия Федерациясининг «За родину» номли кўкрак нишони билан тақдирланган.

Ғолиб Алиев судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагича кўрсатма берган:

«2016 йил ёзида ишлаш мақсадида Россияга бордим ва у ерда Тожикистон фуқаросига тан жароҳати етказиб, унинг вафот этишига сабабчи бўлдим. Бунинг учун Россия Федерацияси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбли деб топилиб, жазога тортилдим ва Тамбов вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасасига олиб кетилдим.

2022 йил 1 сентябр куни муассасага вагнерчилар сардори Евгений Пригожин келиб, маҳкумларни йиғди ва 6 ой мобайнида Украинага қарши урушда иштирок этишни таклиф қилди. У шартнома вақтида урушда қатнашиб, тирик қолганларга ойига 175 минг рубл, умумий ҳисобда 1,2 млн рубл миқдорида пул тўланиши ҳамда судланганлик ҳолати олиб ташланиб, Россия фуқаролиги берилишини маълум қилди.

Жазони ижро этиш муассасасидаги маҳбуслардан тахминан 700-800 нафари боришга рози бўлди. Улар қатори мен ҳам қамоқдан қутулиш мақсадида Пригожиннинг таклифигв розилик билдирдим.

2022 йил 15 сентябр куни 325 нафар маҳбус Луганск шаҳри яқинида жойлашган ҳарбий лагерга олиб борилдик. У ерда қуролдан отиш ва бошқа ҳарбий ҳаракатлар бўйича машғулотлар ўтказдик. 2022 йил 3 октябр куни асосий жанглар бўлаётган Луганск шаҳрига жўнаб кетдик.

2023 йил 21 январ куни бизга ташлаб кетилган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиш учун окопдан ташқарига чиққан вақтимда чап елкамдан яраланиб, ҳушимни йўқотдим. Кўзимни очганимда шифохонада ётгандим. Тахминан 50 кун даволаниб, 2023 йилнинг 17 феврал куни ҳарбий госпиталдан чиқдим. Менга 600 минг рубл миқдорида рағбат пули берилди».

Ғолиб Алиев госпиталдан чиққач, Луҳанск шаҳрида ҳарбийларнинг озиқ-овқат омборига қўриқчилик қилган. 2023 йил 3 март куни шартнома муддати тугаб, Россиянинг Ростов шаҳрига жўнатиб юборилган. Бу ерда унга «За Родину» кўкрак нишони топширилган. 2023 йил 28 август куни эса Россия Федерацияси фуқаролиги расмийлаштириб берилган.

Ғолиб Алиев 2023 йил 27 декабр куни Ўзбекистонга қайтиб келган. У бу ишларга жазо муддатидан қутулиш ва яшаш уйига тезроқ қайтиб келиш учун кўнгилли сифатида рози бўлгани, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2024 йил 26 июндаги ҳукми билан Ғолиб Алиев Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (Ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Олдинроқ «Вагнер» сафига ёлланган, бироқ Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаган ва фақат истеҳкомлар қурилишида қатнашган ўзбекистонликка ҳукм ўқилгани хабар қилинганди

Мавзуга оид