Ҳаво ифлосланишига қарши махсус комиссия

Тошкентда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ экологик инқирознинг жорий мавсумдаги учинчи ҳафтасига келиб, мавжуд муаммога нисбатан давлатнинг жавоб чоралари сафарбарлик тусини олди. Душанба куни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтди ва шу куни “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони имзоланди.

Фармонга асосан, президент маслаҳатчиси – Экология қўмитаси раиси – Экополиция бошлиғи Азиз Абдуҳакимов раислигида республика махсус комиссияси тузилиб, унга катта ваколатлар берилди. Шундан кейин пойтахт ҳавосининг ифлосланишига қарши рейдлар кескин кучайтирилди: газдан узилиб шина ёқаётган иссиқхоналар, филтр ўрнатмаган саноат корхоналари, ҳаммаёқни чангитаётган қурилиш компаниялари, усти очиқ ҳолатда қурилиш материалларини ташиётган юк машиналари – рейдлар нишонига айланди.

Сафарбарлик шу даражага етдики, дудбуронсиз шашлик пишираётган кафелар, кўчада (жамоат жойида) сигарет чекиб турган одамлар ҳам жавобгарликдан четда қолмади.

Қизиғи, ўтган бир ҳафта ичида бирорта ҳам янги қонун қабул қилингани йўқ, фақатгина мавжуд қонунлар кўпроқ ишлай бошлади холос. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича нормалар қонунчиликда шу пайтгача ҳам бор эди, лекин “юқоридан” топшириқ бўлмагунча, улар аксарият ҳолатларда оппоқ қоғоздаги бежирим юридик матнлигича қолаётган эди. “Чанг-газ филтри? Нима у?” деб сўрайдиган корхоналар, “қурилиш бўлгандан кейин чангийди-да” дейдиган қурувчилар охирги 1-2 ҳафта ичида эҳтимол умрида биринчи марта Қонун олдидаги