Жаҳон | 10:16 / 23.07.2024
2683
3 дақиқада ўқилади

Венгрия ва Словакия Россия нефти бўйича ЕИ билан маслаҳатлашув ўтказмоқчи

Венгрия ва Словакия Европа комиссиясидан Россия Федерациясидан нефт транзити бўйича Украина билан маслаҳатлашувларда воситачи бўлишни сўради. Венгрия ташқи ишлар вазири Сийярто Киевга «Лукойл»га қарши санкцияларни кучайтиргани учун судга бериш билан таҳдид қилди.

Фото: Janos Kummer/Getty Images

Венгрия ва Словакия Еврокомиссияга мурожаат қилиб, Киев Россиянинг «Лукойл» компаниясига қарши санкцияларни кучайтиргандан сўнг, Россия Федерациясидан нефт транзити масаласида Украина билан маслаҳатлашувларда воситачилик қилишни сўради. Бу ҳақда 22 июл, душанба куни Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто маълум қилди. У Будапешт Украинани судга бериши мумкинлигини таъкидлади ва унинг қарори «Венгрия ва Словакияга энергия таъминоти хавфсизлигига тубдан таҳдид солаётганини» қўшимча қилди. 

Венгрия ва Словакия «Лукойл»дан Украина орқали нефт олмаяпти

«Дружба» нефт қувурининг Словакия участкаси оператори Transpetrol, шунингдек, Словакия Иқтисодиёт вазирлиги 18 июл куни «Лукойл» нефти Киев томонидан маҳсулот транзитига қўйган тақиқ туфайли мамлакатга келиши тўхтаганини маълум қилди. 

«Ҳозирда биз «Лукойл» Словакия нефтни қайта ишлаш заводига Россия нефтини етказиб беришни бекор қилганини қайд этмоқдамиз, мавжуд маълумотларга кўра, у Украинанинг кенгайтирилган санкциялар рўйхатига киритилган», — дея Transpetrol баёнотидан иқтибос келтирган Bloomberg агентлиги. Шу билан бирга, Transpetrol аниқлик киритишича, Россиянинг бошқа экспортчиларидан нефт Украина орқали Словакияга боришда давом этмоқда. Reuters агентлиги Украина энергетика соҳасидаги манбасига таяниб, Украина орқали Европа мамлакатларига нефт транзити «режа бўйича кетаётганини» ёзди.

17 июл куни Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто «Лукойл» компаниясига нисбатан Украина санкциялари кучайтирилгани муносабати билан Россия Федерациясидан нефт Венгрияга «Дружба» қувури орқали етказиб берилмаётганини айтди. Сийярто сўзларига кўра, «Лукойл» ва Венгриянинг MOL энергетика компанияси ҳозир қувур орқали нефт таъминотини тиклаш учун «қўшма ҳуқуқий ечим устида ишламоқда».

Июн ойида Киев «Лукойл»га қарши санкцияларни кенгайтирди, хусусан, Россия компанияси маҳсулотларининг Украина орқали транзитига тақиқ қўйилди. «Лукойл» Венгрия ва Словакияга асосий хомашё етказиб берувчи ҳисобланади.

Мавзуга оид