Жаҳон | 08:42 / 26.07.2024
4555
2 дақиқада ўқилади

Россияда адвокат Иля Новиков «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритилди

Адвокат Иля Новиков Росфинмониторингнинг «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритилди. У Россияда сиртдан 8,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Адвокат Иля Новиков Росфинмониторингнинг «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритилди. «Медиазона» 25 июл, пайшанба куни бунга эътибор қаратди. Журналистларнинг таъкидлашича, рўйхатда Новиков исмининг ёнида юлдузча бор, бу терроризм гумонини билдиради. Бироқ унга тегишли моддалардан бири бўйича иш қўзғатилгани маълум қилинмади.

Иля Новиков Россияда сиртдан 8,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди 

Жорий йилнинг 11 июн куни Москванинг Гагарин суди таниқли адвокат ва «Что? Где? Когда?» собиқ иштирокчиси Иля Новиковни сиртдан саккиз ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. Иля Новиковнинг жиноий жавобгарликка тортилишига унинг 2022 йил апрел ойида «Популярная политика» YouTube-каналида чоп этилган интервюси сабаб бўлди. У ерда адвокат россиялик ҳарбий хизматчиларнинг Бучада тинч аҳолини қирғин қилиш ва бошқа ҳарбий жиноятларга алоқадорлиги ҳақида гапирган. Судга кўра, у бу билан Россия армияси ҳақида «қасддан ёлғон маълумот»ни оммага тарқатган. 

Суд, шунингдек, Новиковга тўрт йил давомида адвокатлик билан шуғулланиш ва веб-сайтларни бошқаришни тақиқлади. Sota.Vision интернет нашрига кўра, Новиков манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Леонид Соловёв судядан мижози суд қарорига бефарқ экани ва ҳукм устидан шикоят қилмаслигини айтган.

2022 йилда Россия ҳукумати Иля Новиковни «чет эл агенти» деб тан олди. 2023 йил октябр ойида Россия «ФСБ» унга қарши «душман томонига ўтиш» моддаси бўйича ватанга хиёнат иши юзасидан жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди. 2019 йилдан бери Новиков Киевда яшаб, ишлайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид