2 август, жумага ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Москванинг «Внуково» аэропортида Ғарб давлатлари билан маҳбуслар алмашинуви доирасида ватанига қайтган россияликларни шахсан кутиб олди.

Россиялик журналистлар томонидан Telegram’да тарқатилган видеода, хусусан, Путиннинг Германияда чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган «ФСБ» ходими Вадим Красиковни (Соколов) учрашувда қандай қучоқлагани кўрсатилган. Ханқошвили 2019 йилда Берлиндаги Кичик Тиргартен боғида ўлдирилганди. 

«Интерфакс» агентлиги хабарига кўра, учиш-қўниш йўлагида россияликларни президент полкининг ҳарбий хизматчилари ҳам кутиб олган. Бундан ташқари, «ФСБ» раҳбари Александр Бортников, «СВР» бошлиғи Сергей Наришкин ва мудофаа вазири Андрей Белоусов «Внуково»га етиб келди.

Давлат мукофотлари ваъда қилинди

«Ҳарбий хизматга алоқадор» собиқ маҳбусларга мурожаат қилиб, Путин уларга «қасамёд ва бурчларига содиқликлари учун» миннатдорчилик билдирди, деб ёзади «Интерфакс».

«Ҳаммангиз давлат мукофотларига тақдим этиласиз, биз сизларни яна кўрамиз ва келажагингиз ҳақида гаплашамиз», - дея агентлик Владимир Путин сўзларини келтирди.

Словенияда жосусликда айбланган Анна Дулцевага Россия президенти томонидан гул совға қилинди.

Россия Федерацияси «ФСБ» хабарига кўра, алмашинув натижасида НАТОнинг бир қатор давлатларида қамоққа олинган саккиз нафар россиялик ўз ватанига қайтарилган. Анқарадан «Внуково»га етиб келган «Россия» авиакомпанияси самолёти бортида вояга етмаган болалар ҳам бўлган.

Маҳбуслар алмашинувида кимлар иштирок этди?

«Интерфакс» агентлиги маҳбуслар алмашинуви доирасида ўз ватанига қайтган россияликларнинг исмларини айтиб ўтди. «Тиргартен қотили» Вадим Красиковдан ташқари, бу АҚШда компютерни бузиш ва фирибгарликда айбланиб 9 йилга қамалган Владислав Клюшин; Словенияда жосусликда айбланиб 1 йил 7 ойга қамалган Артем ва Анна Дулцевлар; Полшада Россия фойдасига жосусликда айбланган Павел Рубцов; Норвегияда Россия фойдасига жосусликда айбланган Михаил Микушин; Қўшма Штатларда киберфирибгарликда айбланиб 27 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Роман Селезнев; АҚШда Россия ҳарбий-саноат комплекси учун технология ва Америка ўқ-дориларини контрабанда қилишда айбланган Вадим Коношченок.