Жаҳон | 07:21 / 06.08.2024
2867
2 дақиқада ўқилади

Hugo Boss Россияни тарк этди

Немис компанияси Россия бизнесини сотиш бўйича келишувни якунлади. «Стокманн» улгуржи компанияси «Хьюго Босс Рус» МЧЖнинг янги эгаси бўлди. Келишув суммаси ошкор этилмаган.

Фото: Олег Харсеев / Коммерсантъ

Германиянинг Hugo Boss модалар уйи Россиядаги бизнесини сотишни якунлади. «Бизнинг Россиядаги шуъба корхонамиз Hugo Boss мамлакатдаги узоқ йиллик улгуржи ҳамкорларидан бирига тегишли бўлган «Стокманн» ОАЖга сотилганини тасдиқлашимиз мумкин», — дейилади немис компанияси 5 август, душанба куни берган баёнотида. 

Келишув суммаси ошкор этилмаган. Россия ҳукумати Ғарб компанияларидан Россия Федерациясида ўз бизнесини сотадиган бўлса, уларга камида 50 фоиз чегирма тақдим этишни талаб қилмоқда, дея хабар бермоқда Reuters. Унга кўра, битим 2 август куни ёпилган. Юридик шахсларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, «Стокманн» компанияси «Хьюго Босс Рус» МЧЖ 100 фоиз улуши 40 миллион рублга тенг. 

Битимнинг шарти барча иш ўринларини сақлаб қолиш эди

Апрел ойининг охирида Hugo Boss Россия ҳукумати билан Россия бизнесини сотиш бўйича келишиб олди. Сотиш шартларидан бири Hugo Boss’даги барча иш жойларини сақлаб қолиш эди. 2022 йил феврал ойида Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳужуми бошланганидан сўнг, Hugo Boss Россиядаги дўконларини ёпди, шунингдек, Россия бозорида онлайн савдони ва рекламани тўхтатди. 

Reuters таъкидлаганидек, B4Ukraine каби бир қатор фуқаролик жамияти ташкилотлари немис компаниясини Россияга баъзи товарлар етказиб беришда давом этаётгани учун танқид қилган ва мамлакатни тарк этиши учун босим ўтказган. «Улгуржи бизнесимиз нуқтайи назаридан, биз шерикларимиз олдидаги шартнома мажбуриятларини бажардик, - деди Hugo Boss вакили апрел ойида. - Компания ҳар доим амалдаги Европа Иттифоқи санкцияларига риоя қилган».

Мавзуга оид