Дам олиш кунларида Ҳаррис Вашингтонда бир неча номзодлар билан суҳбат ўтказган. У асосий сиёсий жанглар кечадиган муҳим штатларда ўз кампаниясини фаоллаштириб, еттита шаҳар бўйлаб беш кунлик тур бошлаганида Тим Уолц унга қўшилади.

CBS томонидан ўтказилган сўнгги сўровлар кўрсатишича, Ҳаррис Трампни атиги бир пунктга ортда қолдирмоқда. Якшанба куни эълон қилинган бошқа бир сўровга кўра, Байден ҳали пойгадан чиқишни истамаганида республикачилар номзоди беш пунктлик устунликка эга бўлиб турган штатларда Трамп ва Ҳарриснинг имкониятлари тенглашган.

Демократик партия ўз номзодини расман 19-22 август кунлари ўтказиладиган партия қурултойида эълон қилса-да, Ҳаррис аллақачон, қурултойни кутмасдан ўзини партиянинг президентликка номзоди деб ҳисоблаш учун етарли миқдорда делегатлар (99 фоиз) томонидан қўлловга эга бўлган.

Шерикни танлаш — унинг шахсий қарори, бунда қурултойдаги делегатлар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Тим Уолц ким ўзи?

Вице-президентликка номзод танлаш қарори — бу катта эҳтимол билан Камала Ҳарриснинг номзодини илгари суришдан кейинги энг муҳим қарори эди. Таҳлилчилар бу одам азалдан демократлар ҳам, республикачилар ҳам яққол устунликка эга бўлмаган иккиланувчи штатларга мансуб ва оқ танли киши бўлишини кутаётганди.

Жо Байден сайловолди пойгасидан чиқиб, Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлагач, сайловчиларнинг алоҳида тоифалари яна демократларга ишонч билан қарай бошлади — масалан, 30 ёшгача бўлганлар ва лотин америкаликларнинг жамоалари. Аммо шу ўринда Ҳарриснинг заиф нуқтаси кўриниб қолди — Байденни фаолроқ қўллаган кекса ёшли сайловчилар.

Вице-президентликка номзодлар бир қанча эди, аммо у Тим Уолцни — Миннесота губернаторини танлади. Бу штат азалдан демократларга мойиллик билдириб келади ва сайловлар натижасига сезиларли таъсир кўрсатмайди, аммо 60 ёшли Уолц танлангани кўплаб сайловчиларни қониқтириши тайин.

Уолц — сиёсий муҳорабаларда пишган етакчи бўлиб, 2018 йилда Миннесотага губернатор бўлишидан олдин 12 йил давомида Конгрессда ишлаган. Унинг оддий нутқи ва Ўрта ғарбдаги кичик шаҳарчага мансублиги мустақил ва консерватив сайловчиларни жалб қилиши мумкин.

Уолц Небраскадаги кичик шаҳарчада туғилиб ўсган. У Американинг тараққий этган ҳудудидаги нуфузли университетда таълим олганига қарамай, уни мамлакатнинг қишлоқ ҳудудлари аҳолиси «ўзимизники» деб қабул қилишади. У — ўқитувчи ҳамда футбол мураббийи ёрдамчиси сифатида тажрибага эга, шунингдек 24 ёшида АҚШ миллий гвардиясида хизмат қилган. Собиқ сенатор Ҳайди Ҳайткэмп Уолц ҳақида шундай деганди: «У қишлоқ ҳудудларда яшовчи кўплаб америкаликларникига жуда ўхшаб кетадиган ҳаёт тажрибасига эга одам».