Париж-2024 Олимпиадасида мусобақа тарихидаги энг катта воқеликлардан бири кузатилди. 20 йилдан буён Олимпиадаларда курашаётган кубалик афсона Михаин Лопес 5 карра Олимпия ўйинлари чемпионига айланди. Тасаввур қилинг, у 16 йил давомида Олимпиадада битта ҳам хато қилгани йўқ. 41 ёшли гигант фаолиятининг сўнгги дақиқаларида курашчилар кейинги юз йиллар давомида ҳам эришиши улкан машаққат бўлган натижага эришди.

Фото: Getty Images

Юнон-рум кураши бўйича 130 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финалда Лопес чилилик Ясмани Акостани 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Кубалик спортчи Пекин-2008 ва Лондон-2012 120 кг вазнда, Рио-2016, Токио-2020 ва Париж-2024да эса 130 кг вазнда олтин медалга сазовор бўлди. Афсонавий спортчи индивидуал кўринишда кетма-кет 5та ёзги Олимпия ўйинларида олтин медал олган тарихдаги биринчи спортчи бўлди.

Михаин Лопес илк марта Олимпиадада 2004 йилда қатнашган. Орадан 20 йил ўтиб, афсона саргузаштини 5та Олимпия ўйинлари олтин медали билан якунламоқда. У сўнгги беллашувида рақиби устидан 6:0 ҳисобида ғолиб бўлди ва бу унинг Олимпиадалардаги иштирокига мос натижа эди. Аммо рамзийлик шу билан тугамади – у пойабзалини ечиб, гиламда қолдирди ва шонли фаолиятини қарсаклар остида якунлади.

Фото: Getty Images

Михаин Лопес бундан 3 йил аввал, Токиодаги Олимпиададаёқ 4-олтин медални қўлга киритиб, тарихдаги энг совриндор курашчига айланганди. У 2021 йилда бу борада рекордчи бўлган Александр Карелинни ортда қолдирган.

Лопес ҳозирда 41 ёшда, аммо у фаолиятидаги 6-Олимпиадада қандай тайёргарлик кўргани ва барчасини қай даражада чиройли тугатгани исталган спортчи учун шунчаки орзу, десак муболаға бўлмайди. Бу профессионалликдан ҳам юқорироқ даража.

Фото: Getty Images

Кўпчилик, Лопеснинг Олимпиадалардаги 5та олтин медали нега афсонавий натижа дейиши мумкин. Ҳар ҳолда бошқа спорт турларида ўз ҳисобига 6, 7та олтинни қўшиб қўйган спортчилар ҳам бор.

Гап шундаки, курашчиларда гимнастлар, сузувчилар ва эшкакчилардан фарқли равишда ҳар тўрт йилликнинг энг катта спорт турнирида фақат битта олтин ютиш имконияти бўлади. Афсонавий кубалик эса бу имкониятдан барчадан кўра яхшироқ фойдалана олди. Тасаввур қилинг, Михаин 16 йил ичида битта ҳам хатога йўл қўймади ва бирор марта ҳам чиқишини бой бермаган.