Жаҳон | 15:22 / 09.08.2024
4899
2 дақиқада ўқилади

Мексика президентлик инаугурациясида Путинни ҳибсга олмайди

Мексика амалдаги президенти Украина элчихонасининг Россия Федерацияси президенти Мехико шаҳрига янги давлат раҳбари инаугурациясига келган тақдирда уни ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосини рад этди.

Фото: AP

Мексика президенти Украинанинг агар Россия раҳбари жорий йил октябр ойида янги давлат раҳбари инаугурациясида иштирок этса, Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосини рад этди, деб хабар берди Reuters агентлиги. «Биз буни қила олмаймиз. Бу бизнинг ишимиз эмас», деди амалдаги президент Андрес Мануэл Лопес Обрадор 8 август, пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Украина, агар Путин 1 октябр куни сайланган президент Клаудия Шейнбаумнинг қасамёд қилиш маросимида қатнашса, уни ҳибсга олишни Мексикадан сўради. Мексиканинг Украинадаги элчихонаси 7 августдаги баёнотида келтирилган сўров БМТ Халқаро жиноий суди (ХЖС) томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордерига ишора қилади. «Умид қиламизки, Мексика ҳукумати Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордери борлигини билади», — дейилади баёнотда. 

Шейнбаум жамоаси Россия президентини инаугурация маросимида иштирок этишга таклиф қилди ва шу ҳафта бошида Мексика билан дипломатик алоқада бўлган барча давлатларга «дипломатик хабарнома» юборганини таъкидлади. Июн ойида Путин Шейнбаумни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, Мексикани «Россиянинг Лотин Америкасидаги тарихий дўстона ҳамкори» деб атаган эди.

Ўтган йили ХЖС Путинни 2022 йил февралида кенг кўламли ҳужум бошланганидан кейин Украинадан Россияга болаларни ноқонуний равишда депортация қилишда айблаб, уни ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Мексика ХЖС аъзоси ҳисобланади. 

Мавзуга оид