Жаҳон | 08:30 / 15.08.2024
11386
3 дақиқада ўқилади

ЖССТ яна бир бор mpox вируси тарқалиши сабабли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди

2024 йил бошидан буён Африкада mpox инфекцияси билан касалланганлар сони 160 фоизга ошган. 2022 йилдан фарқли ўлароқ, илгари маймунчечак деб аталган вируснинг янада хавфли варианти ҳозир тарқалмоқда.

Фото: AP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Африкада mpox вируси (аввалги маймунчечак) тарқалиши бўйича яна энг юқори огоҳлантириш даражасини эълон қилди. ЖССТ фавқулодда қўмитаси янги mpox эпидемиясини «соғлиқни сақлаш учун халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат» деб ҳисоблайди, деди ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус 14 август, чоршанба куни Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида

Унинг сўзларига кўра, илгари mpox тарқалиши қайд этилмаган Бурунди, Кения, Руанда ва Угандада вируснинг 1b варианти билан касалланишнинг 90 та ҳолати аниқланган, бу касаллик янада оғир кечиши билан ажралиб туради ва олдинги вариантга қараганда кўпроқ ўлимга олиб келади. Конго Демократик Республикасида аллақачон 14 мингдан ортиқ одам уни юқтирган, 524 киши вафот этган. 

Жорий йилда Африканинг 13 давлатида жами 17 мингта mpox инфекцияси ҳолати қайд этилган, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 160 фоизга кўпдир, деб ёзади Reuters. 

Вируснинг юқиши ва касаллик белгилари

Вируснинг одамдан одамга юқиши яқин алоқада рўй бериши мумкин. Касалликнинг асосий белгилари юқори ҳарорат, тошма, яллиғланган лимфа тугунчалари, мушакларнинг оғриғи ва заифликдир. Одатда, инсон танаси икки-тўрт ҳафта ичида вирус билан курашади, аммо камдан-кам ҳолларда ўлим рўй бериши мумкин. 

2022 йилнинг ёзида ЖССТ маймунчечак эпидемиясини «соғлиқни сақлаш учун халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат» деб эълон қилди. Ўша пайтда дунёнинг 75 мамлакати ва ҳудудида 2b вируси вариантини юқтириш ҳолатлари сони 16 мингдан ошди ва инфекцияларнинг аксарияти Европа ва Америкада аниқланган. Фавқулодда ҳолат 2023 йил май ойида бекор қилинган.  

2022 йил ноябр ойида ЖССТ вирус номини ирқчилик ва қораловчи тил туфайли mpox (monkeypox - “маймунчечак”дан) деб ўзгартирди. Глобал фавқулодда вазият касалликнинг олдини олиш учун қонуний мажбурий чораларни талаб қилади.

Мавзуга оид