Жаҳон | 08:40 / 16.08.2024
3306
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ Киевга узоқ масофали ракеталар етказиб бермоқчи

АҚШ президенти маъмурияти Украинага F-16 қирувчи самолётлари учун JASSM қанотли ракеталарини етказиб беришнинг мураккаб деталларини ишлаб чиқмоқда, деб ёзади Politico.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага узоқ масофага мўлжалланган Joint Air-to-Surface Standoff Missile (JASSM) қанотли ракеталарини тақдим этишга «очиқ». Бу ҳақда 15 август, пайшанба куни Politico нашри аноним қолишни истаган манбага таяниб ёзди

Украинага ракета юбориш бўйича якуний қарор қабул қилинмади, аммо Оқ уй ҳозирда бу масала бўйича «мураккаб тафсилотлар»ни ишлаб чиқмоқда, деди суҳбатдош таҳририятга. Хусусан, гап нозик технологияларни узатиш билан боғлиқ текшириш ва Украина самолётларининг 1088 кг оғирликдаги, 454 кг жанговар каллакни олиб ўтадиган ракетани учириш имконияти ҳақида кетяпти.

JASSM ракеталари ҳақида 

JASSM ракеталари F-16 қирувчи самолётларидан учирилиши мумкин. Lockheed Martin томонидан ишлаб чиқилган ва биринчи марта 2000-йилларнинг бошида фойдаланишга олинган ушбу ракета Қўшма Штатлар томонидан жанговар ҳаракатларда жуда камдан-кам қўлланган ва фақат Вашингтоннинг бир нечта яқин иттифоқчиларига топширилган, дея аниқлик киритади нашр. 

Унинг сўзларига кўра, Полша, Австралия ва Финландия аллақачон ушбу қуролларга эга, Япония ва Нидерландия июл ойида ракеталарни сотиб олиш бўйича келишувларни имзолаган, уларнинг етказиб берилиши келгуси йилларда кутилмоқда. Германия, Греция, Руминия ва Дания ҳам JASSM ракеталарини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. 

Украинада узоқ масофали ракеталар 

Украина аллақачон АҚШ, Британия ва Франция томонидан тақдим этилган ҳаво ва ерда жойлаштириладиган ракеталарга эга бўлиб, улар учирилган нуқтадан 300 км масофадаги нишонларга етиб бориши мумкин, аммо Россия ҳудудида ушбу ракеталардан фойдаланиш бўйича чекловлар ўз кучида қолади, деб эслатади нашр.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари аллақачон Украинани унга берилган F-16 самолётлари учун турли хил «ҳаво-ҳаво» ва «ҳаво-ер» ракеталари билан таъминлаш мажбуриятини олган, аммо айнан JASSM етказиб берилиши Киевга «энг кўп ёрдам беради», дейилади мақолада. 

Пентагон Politico’га JASSM ракеталарининг Украинага узатилишини маъқуллагани ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. 

«Биз Украинанинг хавфсизлик бўйича кўмак бўйича талабларини қондиришга қаратилган бир қанча вариантларни кўриб чиқмоқдамиз, бироқ бизда тақдим эта оладиган маълумотлар йўқ», — дея нашр АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жефф Жаргенсен сўзларидан иқтибос келтиради. 

Мавзуга оид