Ўтган ҳафтанинг ўрталарига келиб Россия Украина Қуролли кучлари (УҚК) ҳужуми фонида Курск вилоятини ҳимоя қилиш учун Украинадаги фронтдан 5000 нафаргача ҳарбий хизматчини жўнатди. Бу ҳақда 17 август куни The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, Россия Федерацияси асосий ҳужумкор кучлари тўпланган Донецк вилоятидан фақат битта бригада олиб чиқилган, қолганлари эса - фронтнинг унчалик муҳим бўлмаган ҳудудларидан.
Шу билан бирга, нашр суҳбатдоши Украина Қуролли кучларини Курск вилоятидан чиқариб юбориш учун Москвага 20 мингдан ортиқ яхши тайёрланган аскар керак бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.
WSJ: Украина Курскка 6 минг аскар юборди
Ўз навбатида, Ғарб ҳисоб-китобларига кўра, Украина ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун Курскка 6 минггача ва Суми вилоятига яна 4 минггача аскар юборган. WSJ манбасининг аниқлик киритишича, фронт чизиғини заифлаштирмаслик учун қўшинлар муҳим қисми захирадан чиқарилган.
Украина радиоэлектрон кураш бўлинмалари рус техникасига халақит бериш ва ҳарбийларнинг Украина позицияларини аниқлашлари ёки алоқаларни ушлаб қолишига йўл қўймаслик учун асосий механизациялашган ҳужум кучларидан олдин Россия ҳудудига ўтган, деб ёзади нашр.
WSJ таъкидлашича, бу ноодатий жойлашув Украина ҳужумкор кучлари атрофида «ҳимоя пуфаги» яратди. Ҳужумга Американинг Stryker зирҳли жанговар машиналари ва Германиянинг Marder пиёда жанговар машиналари билан жиҳозланган Украинанинг энг кучли бўлинмаларидан бири бўлган 80- ва 82-десантчилар бригадалари бошчилик қилди.
Украиналик дрон операторларидан бирининг сўзларига кўра, рус зирҳли машиналари кам бўлган, чунки улар шимолга тортилган ва Украина ҳужумкор қўшинлари тезда Россия ҳудудига чуқур кириб боришга муваффақ бўлишган.
АҚШ Россиядаги нишонлар ҳақида Киевга разведка маълумотларини бермаяпти
Операцияга тайёргарлик шу йилнинг ёзи бошида, Украина Қуролли кучлари Курск инфратузилмасига, жумладан электр тармоқлари, ўқ-дорилар ва ёнилғи омборлари ҳамда видеокузатув ускуналарига ҳужум қилиш учун дронлардан фойдаланган пайтда бошланган эди.
Алоҳида чегара рейдлари Украина разведкаси кўмагида амалга оширилди. Нашрнинг қайд этишича, амалиёт бошланишидан икки ҳафта олдин Украина дронлари Курск йўлидаги чегара постида Россия кузатув тизимларини йўқ қилган. Махфийлик нуқтайи назаридан, кўплаб бўлинмалар деярли операция бошлангунга қадар ҳужумдаги иштироки ҳақида билмаган.

















