Жаҳон | 14:30 / 20.08.2024
1627
3 дақиқада ўқилади

«Клуни жамғармаси» Россияда «номақбул ташкилот»га айланди

«Адолат учун Клуни жамғармаси» Россияни обрўсизлантиришга қаратилган ишларни амалга оширмоқда, деб хабар берди Россия Бош прокуратураси. 

Жорж Клуни Фото: ТАСС / АР

Россия Федерацияси Бош прокуратураси Американинг Clooney Foundation for Justice («Адолат учун Клуни жамғармаси») нодавлат ташкилотини Россия ҳудудида «номақбул» деб тан олди. Бу ҳақда 19 август, душанба куни идора матбуот хизмати Telegram’да маълум қилди.

Россия Федерацияси Бош прокуратурасига кўра, жамғарма «Россияни обрўсизлантиришга қаратилган ишларни амалга оширяпти». Россия расмийлари «Клуни жамғармаси»ни «гуманитар ғоялар орқасида яширинганликда», «Россия олий раҳбариятини жиноий таъқиб қилиш ташаббусларини илгари сурганликда ва Россия қонунчилигига чет эл агентлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига нисбатан салбий псевдоэксперт баҳоларини омма олдида тарқатганликда» айбламоқда. 

«Клуни жамғармаси» Украинадаги ҳарбий жиноятлар бўйича суриштирув ўтказяпти

2023 йил октябр ойида «Адолат учун Клуни жамғармаси» Германия Федерал прокуратурасидан Украинада Россия ҳарбийлари томонидан содир этилган эҳтимолий ҳарбий жиноятларнинг учта ҳолатини текширишни сўради.

Жамғарма буни Германия қонунчилигида гумон қилинувчилар ёки жабрланувчиларнинг фуқаролигидан ёки улардан бирортаси Германия билан алоқасидан қатъи назар, мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Германиядан ташқарида содир этилган жиноятлар бўйича жиноий тергов бошлаш имконини берувчи универсал юрисдикция тамойили мустаҳкамлангани билан асослади.

Қайд этилганидек, ҳар учала ҳолат ҳам фонд эҳтимолий гумондорлар сифатида аниқланган юқори ва ўрта даражадаги россиялик қўмондонларга тегишли. Биринчи ҳолат Одесса вилоятидаги курортга 2022 йилнинг ёзида товушдан тез учувчи Х-22 ракеталари томонидан амалга оширилган ракета ҳужуми билан боғлиқ. Зарба оқибатида 22 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 40 нафари оғир яраланди. 

Иккинчи иш 2022 йилнинг мартидан сентябрига қадар Харкив вилоятида ҳудудни босиб олиш вақтида тўрт кишини ноқонуний қўлга олган, қийноқларга солган ва қатл қилган Россия қуруқликдаги кучлари қўмондонларига тегишли. 

Учинчи иш бўйича гумонланувчилар 2022 йил март ойида Киев вилояти оккупацияси чоғида содир этилган қатл қилиш, қийноққа солиш, жинсий зўравонлик, талон-торож қилиш ва бошқа қонунбузарликларни ўз ичига олган бир қатор жиноятларга алоқадорлиги тахмин қилинаётган Россия бўлинмалари қўмондонлари бўлган. 

«Адолат учун Клуни жамғармаси» ҳақида 

«Адолат учун Клуни жамғармаси» 2016 йилда Ҳолливуд актёри Жорж Клуни ва унинг рафиқаси, инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Амал Клуни томонидан ташкил этилган. Жамғарма сайтида таъкидланганидек, унинг мақсади инсон ҳуқуқларининг оммавий равишда бузилишига оид далилларни тўплаш ва жабрланганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ҳуқуқбузарлар жавобгарликка тортилишини таъминлашдан иборат. Жамғарма ҳозирда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид