Якшанба куни Ростов области Пролетарск шаҳрида украин дронлари ҳужумига учраган нефт базада чиққан ёнғинни ўчириб бўлмаяпти, ёнғинни бартараф этиш ишларига ФВВ авиацияси, махсус поезд ва 500 дан ортиқ қутқарувчи жалб этилган. 47 нафар ўт ўчирувчи жароҳатланган. Ҳудудда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган, аммо расмийлар маҳаллий аҳолини эвакуация қилишга зарурат йўқ деб топган Экспертларнинг таъкидлашича, ёнилғи тўлиқ ёниб битгунича бундай оловни ўчириш деярли имконсиз.
Пролетарск шаҳри яқинида, Ростов-Дондан 165 км жануби-шарқда жойлашган нефт базада 18 август тонгида ёнғин чиққанди. Област губернатори Василий Голубев ўз телеграм-каналида ёзишича, ёнғин ҳаво-ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширган дронларнинг парчалари дизел ёнилғиси сақланадиган омборларга тушиши туфайли бошланган. Голубевнинг ёзишича, ўт ўчирувчилар дарҳол оловни ўчиришган, аммо кўп ўтмай улар ишни тўхтатишга мажбур бўлган, чунки дронлар нефт базага такрорий ҳужумни амалга оширган.
Шундан буён ўтган тўрт кундан ортиқ кун мобайнида ўт ўчирувчилар тўхтовсиз ишламоқда, аммо ҳозирга қадар ёнғин ўчоқларини бартараф этишнинг имкони бўлмади.
Ёнғин майдони учинчи кунга келиб 10 минг метр квадратга етганди. Оловни ўчиришга ФВВ махсус авиациясининг икки самолёти, учта ўт ўчирувчи поезд ва камида 500 нафар ўт ўчирувчи, жумладан қўшни регионлардан ҳам жалб этилган. Самолётлар ёнғин тарқалмаслиги учун атрофдаги ҳудудларга сув сепиб чиқмоқда, деган Голубев.
19 август куни ҳудудда локал фавқулодда ҳолат режими жорий этилди ва ҳозирга қадар амал қилмоқда.
Украин дронлари Россиянинг нефтни қайта ишлаш ва нефт маҳсулотларини сақлаш объектларига ҳужумлари 2023-2024 йиллар қишида Россия учун жиддий муаммога айланганди. Зарбдор дронлар 1000 километргача масофага етиб бора оладиган бўлди. Нефтни қайта ишлаш заводларида дронлар зарбаси оқибатида юзага келадиган ёнғинларни ўчириш учун икки кунгача вақт талаб қилинарди. Пролетарск яқинидаги нефт базада бошланган ёнғинни эса тўрт кунда ҳам ўчириб бўлмади.
Пролетарск райони раҳбари Валерий Горнич РИА Новости агентлиги билан суҳбатда айтишича, нефт база ҳудудида 74 та резервуар жойлашган, уларнинг ҳар бири 5000 метр куб ёнилғи сиғдиради. Горничнинг сўзларига кўра, чоршанба тонгида дизел ёнилғиси сақланаётган «20 га яқин резервуар»ни олов қамраганди.
Маҳаллий аҳоли вакиллари 19–20 август кунлари олган видеода нефт база ҳудудида янги кучли чақнашларни кўриш ва портлаш овозларини эшитиш мумкин. Чоршанба куни кечқурун эса маҳаллий телеграм-каналлар яна бир цистернада портлаш рўй бергани ҳақида хабар беришди.
Ёнғин туфайли кўтарилган тутун булути бир кун ўтиб 25 км масофага чўзилган, деб ҳисоблаган Ростовдаги 161.RU портали. Нефт базагача ўн километр масофада «кўчалар ёмғир ёғиши олдидан бўладиган каби қоронғилашган», тутун устуни эса шаҳардан 70 км масофадан ҳам кўриниб туради, деб хабар қилган нашрнинг воқеа жойида бўлган журналисти.




















