Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Хитой компанияси томонидан Фарғонада энергетика соҳасидаги йирик лойиҳаларга инвестиция киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда вилоят раҳбарияти компаниянинг энергетика соҳасидаги илғор тажриба ва ютуқларини эътироф этиб, ҳудудда қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда йирик корхоналарга қуёш панелли қувватлагичларини ўрнатиб беришда ҳамкорлик қилиш истиқболли эканлигини таъкидлади.

Ўзаро ҳамкорлик доирасида ҳудудларда ихчам подстанциялар қуриш таклифи илгари сурилиб, вилоятдаги саноат зоналари, хусусан, Ўзбекистон туманида жойлашган "Шўрсув" саноат зонаси ҳақида маълумот берилди. Компания мутахассислари ушбу саноат зонаси имкониятларини ўрганган ҳолда ўз лойиҳаларини жойлаштириш мумкинлиги айтилди.

Эзгу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида масъуллар бириктирилиб, компания вакиллари билан биргаликда саноат зонасини ўрганиш ва истиқболли лойиҳалар бўйича иш бошлаш бўйича келишиб олинди.