Отабек Нуриддинов Асака тумани адирлигидан 220 гектар ер олиб ўрмонзорга айлантиришга астойдил бел боғлади. Бир неча ой ичида 3 гектар ерни кўкаламзорлаштиришга улгуриб, эндиликда бутун қирликни яшилликка буркамоқчи. Адир тепасига уй қуриб оиласини кўчириб келди. Километрлаб масофадан сув келтирди.

Отабек адирликка сув чиқариш учун ўз ҳисобидан 250 миллион сўм маблағ сарфлади. У эндиликда ҳовузлар сонини кўпайтириб иссиқхона қурмоқчи. Қирликда кўчат етиштириб, улкан ўрмон барпо қилмоқчи. “Биринчи ҳосилим пишиб етилди, тарвуз, маккажўхори, бодринг ва ошқовоқларни узиб келиб ейишни бошладик”, дейди у.

“Инсон ҳаётда келажак авлод учун нимадир қолдириши керак деб ўйлайман. Қирликни обод қилишимдан мақсад ўзимдан яхши ном қолдириш аслида.

Тасаввур қилинг, вақти келиб бепоён қирлик яшил дарахтзорга айланса. Одамлар учун бу чўлни яшнатиш хаёлий нарса аслида. Қилаётган ишларимни кўрган одамлар бу бола бошқа сайёрадан тушдимикан деб устимдан кулишди. Қирда эккан ниҳолларим кўкка бўй чўзганидан кейин уларнинг менга бўлган муомаласи ўзгарди. Амалга ошириш мумкинмас деб ўйланган ишни бажардик, бу ерда дарахтлар, кўчатлар яшил бўлиб ўсмоқда.

Отабек Нуриддинов

Сув масаласида ёрдам берган Хушнуд ака Ҳамидовга миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Тармоқдаги, техника масаласидаги муаммоларга ҳам ёрдам берди.

Бу ерда ҳеч қандай инфратузилма йўқлиги учун ҳам одамлар ишлаш учун келмади. Боғбонлар ҳам тоғсимон ерда дарахт униши қийин деб ҳисоблашди. Шунча ер бекор ётганидан фойдаланишимиз зарур деб ўйладим. Дунё ҳамжамияти ҳам энг муаммоли ерлар Ўрта Осиё ҳудудида деб таъкидлашади. Шу сабабдан ҳам дарахтлар экиб, ҳавонинг тозалигига эътибор беришни ният қилган эдим.

Асака туманида бундай тоғсимон ҳудудлар кўп, аҳоли жуда зич жойлашган. Бу ерларда деҳқончилик қилиш, экин экиш қийин бўлса ҳам дарахт ўтқазиш мумкин. Мана, ҳозир ҳам адирнинг чўққисига чиқиб келдингизлар. Бу ерда на йўл, на бошқа инфратузилмалар бор. Энергия борасида қуёш панелларидан фойдаланяпмиз, қуёш панеллари ёрдамида насосларни ишлатяпман, юргизяпман. Бошқа жойларда ҳам қуёш, шамол генераторларини қўйиб туриб, дарахтларни суғорса, электр билан таъминласа бўлади.