Ўзбекистон | 09:21 / 03.09.2024
5117
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёлғиз кексалар сони маълум қилинди

2024 йил август ойи ҳолатига кўра, 17 288 нафар ўзгалар парваришига муҳтож шахс ижтимоий-маиший хизматлардан фойдаланиб келмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ўзбекистондаги ёлғиз кексалар сонини маълум қилди

2023 йил 1 сентябр Ягона миллий ижтимоий ҳимоя ахборот тизимининг “Ёлғиз кекса” модули ишга туширилиб, унда 2023 йил 1 октябр ҳолатига жами 18 928 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд бўлган. 

2023 йил 1 октябр-2024 йил 31 июл ҳолатига реестрга 4647 нафар ўзгалар парваришига муҳтож шахс киритилган ва 6287 нафари реестрдан чиқарилган. 2024 йил август ойи ҳолатига кўра, 17 288 нафар ўзгалар парваришига муҳтож шахс ижтимоий-маиший хизматлардан фойдаланиб келмоқда.

Бунда уларнинг 7939 нафари ёлғиз яшовчи кексалар, 2306 нафари ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар, 4703 нафари ёлғиз кексалар ва 2340 нафари ёлғиз ногиронлиги бўлган шахслар.

“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари, ижтимоий ходим, туман тиббиёт бирлашмасининг махсус мониторинг гуруҳи вакили ҳамда фуқаролар йиғини раиси томонидан ижтимоий хизматлар сифати ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режаси натижалари мониторинги олиб борилмоқда. 

Хусусан, мониторинг давомида кўрсатилган хизматлар натижасида шахсларнинг ўзганинг ёрдамига муҳтожлик даражаси камайганлиги ва ҳолати яхшиланиши кузатилган.

Тушунчаларнинг ҳуқуқий таърифи:

ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар — фарзандлари (шу жумладан, фарзандликка олинганлар), эри (хотини), ота-онаси, ҳомийлари ва суд томонидан ногиронлиги бўлган шахсни парвариш қилиш мажбурияти юкланган шахслар (вояга етмаган ёки I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлар, ўзгалар парваришига муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки ёшга доир пенсия ёшидаги эри (хотини) ва ота-онаси бундан мустасно) бўлмаган ўзгалар парваришига муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар — ёлғиз яшовчи ёки жазони ижро этиш муассасаларида ёхуд узоқ муддат даволанишда бўлган шахслар билан бирга яшовчи ўзгалар парваришига муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар — фарзандлари (шу жумладан фарзандликка олинганлар), эри (хотини), ота-онаси, ҳомийлари ва суд томонидан кексани парвариш қилиш мажбурияти юклатилган шахслар (вояга етмаган ёки I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари, ўзгалар парваришига муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки ёшга доир пенсия ёшидаги эри (хотини) ва ота-онаси бундан мустасно) бўлмаган ўзгалар парваришига муҳтож ёшга доир пенсия ёшидаги шахслар;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи кексалар — ёлғиз яшовчи ёки жазони ижро этиш муассасаларида ёхуд узоқ муддат даволанишда бўлган шахслар билан бирга яшовчи ўзгалар парваришига муҳтож ёшга доир пенсия ёшидаги шахслар.

Мавзуга оид