“Қассобликнинг масъулияти катта, бу касбда ҳалол-у пок бўлиш жуда муҳим, тарози масаласида айниқса эҳтиёт бўлиш зарур”, дейди у.
Қассоб гўштнинг нархи ошиб бораётгани сабаби, касбининг масъулияти ҳақида сўзлаб берди:
“Ҳунаримиз, ота-боболаримиздан қолган касб экан буни ҳалол бажаришга ҳаракат қиламиз. Раҳм-шафқатсиз одам бўлмаса керак, шу жониворларни сўяётганимизда иложи борича уларга озор бермасликка, қийнамасликка ҳаракат қиламиз. Яна халқнинг луқмасини булғаб қўймаслик учун ҳалолликка, покизаликка риоя қилишга кўпроқ уринамиз.

Биринчи марта 12 ёшимда қўй сўйганман. У вақтда катта қора молларни сўйишга кучим етмасди. Бизнинг оиламизда қассобчилик авлоддан авлодга ўтиб келаётган касб ҳисобланади. Тўртинчи авлодман оилада касбни давом эттираётган. Бобомнинг отаси, бобом, отам ва мана мен қассоблик касбини давом эттиряпман.
Жонивор ўлимидан аввал йиғлайди...
Ҳайвоннинг бўғзига бирдан пичоқ тортиб юбориш жуда қийин нарса. Буни ҳис қилган одам билади албатта. Буни сўз билан тушунтириб бериш қийин. Ёшлигимиздан шу касбни эгаллай бошлаганимиз учун ҳам ўрганиб қолган бўлсак керак. Лекин ўзимиз ҳам қўй, молларни боқиб турамиз, чорваларимиз бор. Молни ерга қулатганизда бечора жонивор йиғлаб, нолигандай бўлади. Қўй унча-мунча сезмайди буни. Чунки у менинг жунимни олса керак деб тинч туради. Исломда ҳайвоннинг бўғзига пичоқ тортгунча такбир айтиб турилади.

Ҳалол ва покиза жойда ҳайвонларни сўйиш керак, тақвода бўлиш керак. Чунки бу масъулиятли касб барибир. Аллоҳ ҳам шукур қилсангиз ризқингизни зиёда қилиб бераман деган. Мана шу касбнинг орқасидан оиламизга ҳалол луқма едиряпмиз, фарзандларимизни ўқитяпмиз, уйлантиряпмиз.
Дўконга бир парча гўшт сўраб келадиганлар ҳам бор...
Фермер хўжалиги ташкил қилганмиз. Қорамолларни, қўйларни сўйиб, арзон гўштни халққа тарқатиб турамиз баъзида. Халқдан мол сотиб олиб уни ҳам сўйиб қассобхонага топширамиз. Халққа арзон гўшт тарқатишни кенгайтириш ниятимиз бор.
Одамлар аввалгидай кўп гўшт сотиб олмаяпти, оз-оздан сотиб олишмоқда. Шунга ҳам шукр қиламиз. Худога шукур савдолар бўлиб турибди. Аллоҳ ризқни уларга шундай қилиб берган экан. Қассобхонамизга бир парча гўшт сўраб келадиганлар ҳам учраб туради, ўшанда йигитларга суяксиз гўшт қилиб беринглар дейман. Чунки кўпроқ гўшт ейишсин дейман, шароитлари оғир бўлса буни тушунаман. Суякларини этдан ажратиб бепул бериб юбораман. Мустақиллик даврлари ёки ундан аввалги даврларда оз гўшт оладиган аҳоли кам эди. Ҳозир эса бундайлар кўпайган. Аллоҳ буларнинг ризқини ҳам улуғ қилсин илоҳим.
















