Абдуҳошим Маҳмудалиев Тошлоқ тумани Яккатут қишлоғидан. У хонадонида писта кўчати етиштиради. Икки гектар майдонда ҳосилга кирган 500 тупдан ортиқ писта дарахти бор. “Ҳар бир хонадонга 20-30 тупдан писта экилса, даромади хонадоннинг бир йиллик харажатларни тўлиқ қоплайди”, дейди ёш боғбон.
Боғбоннинг айтишича, писта дарахти ер танламайди. Унинг томири ер остида сув қидириб 10 метр чуқурликкача тушар экан.
“Кўриб турган писта дарахтингиз 12 ёшда. Тахминан 30 - 35 кг атрофида юки бор. Пистанинг афзаллик томони — қишин-ёзин нархи тушмайди. -40°, +60° ҳароратгача чидайди. Энг асосийси ер танламайди — адир, тошлиқ, зах ерларда ҳам мева солаверади. Ҳар бир хонадонга 20-30 тупдан экилса, даромади оиланинг бир йиллик харажатларни тўлиқ қоплайди.

Писта дарахти учун алоҳида мутахассис чақириб кестирмайсиз, тердирмайсиз, дори септирмайсиз. Фақат бир йилда икки маротаба тагига минерал ўғит солсангиз бўлди. Сув танқис бўлса ҳам дарахт қуриб қолмайди, ҳосил бўлаверади. Томири жуда узун, ер ости сувига етиб боради. Шунинг учун қуримай яшайди.

Март ойида гуллайдиган дарахтлардан қўрқасиз. Эрта гуллаган мевани совуқ уриши мумкинда. Писта эса апрел ойида гуллайди. Сабаби — пистанинг ғунчаси қалин, қаттиқ ғунчанинг атрофида пўсти кўп бўлади. Апрел ойида ҳар қандай совуқлар қайтиб, ҳақиқий баҳор бошланганда писта гуллайди.

Яна бир қизиқ маълумот: барча дарахтлар ўзини-ўзи чанглатиш хусусиятига эга, масалан узум, нок, олма, олхўри... Лекин хандон писта — бунда мева қилувчи ва уни чанглатувчи икки хил нав бўлади. Урғочи писта ёнида эркак писта дарахти бўлмаса ҳосил ола олмайсиз. Битта эркак саккизтагача урғочи пистани чанглатади. Пистанинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам апрел ойида гуллайди. Эркаги урғочисини чанглатгандан кейин гулини тўкиб юборади.

Авваллари писта дарахти фақат тоғда, тошда ўсади деб тушунардик. Лекин мана кўриб турибсиз, тупроқли ерда, сариқ, қора тупроқ, ҳар қандай ерда бўляпти.
Икки гектар ўрик боғимизни бузиб ташлаб, писта боғи яратдик. Етти-саккиз йилдан бери Эрондан уруғини олиб келиб, кўчат етиштиришни ҳам йўлга қўйдик. Кўплаб вилоятларга, туманларга кўчат чиқаряпмиз, боғлар ташкил қилиб беряпмиз.

Писта кўчатини феврал ойида эксангиз, то саратонгача танаси етилиб, иссиққа бардош беради. Август ойида экилган кўчат кузнинг қуёши билан таналари етилиб, чиниқиб қишга тайёр бўлиб киради. Кўчатларимизнинг нархи: бир ёшлиги 35 000 сўм, икки ёшлиги 45 000 сўм, уч ёшлиги 65 000 сўм. Шу кунларда шу нархда сотиляпти.
Пистанинг Акбарий, Аҳмадий, Чемпион, Хандон деган навлари бор. Биз етиштираётган нави Акбарий. Акбарий – бозорда энг баланд нархдаги нав”, — дейди боғбон.








