Ренессанс таълим университетида янги 2024/2025 ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали учрашув бўлиб ўтди. Ўқув биноси ҳовлисида ташкил қилинган тадбирда 10 минг нафардан ортиқ талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбир табрик ҳамда янги ўқув йилига қадам қўйган талабаларни қутлаш билан бошланди. Ренессанс таълим университети талабаларининг спорт ва фан олимпиадаларида эришган ютуқлари тилга олинди.

Байрамнинг асосий қисмида ўтган ўқув йилини аъло баҳоларга тамомлаган ҳамда университетдаги маънавий-маърифий ишларда фаол бўлган 20 нафар талабага 100 фоизлик грант берилди.

 Университетда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларда, шунингдек, иккинчи мутахассислик бўйича ўзбек, рус ва инглиз тилларида юқори малакали бакалавриат талабалари тайёрланади.

Уларга маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг нуфузли университетлари битирувчилари бўлган халқаро ва маҳаллий профессорлар дарс беради. Жамоада 207 нафар: 27 нафар фан докторлари, профессорлар, 87 нафар фан номзодлари, доцентлар, 14 нафар докторантлар, 79 нафар соҳанинг етакчи мутахассислари ассистент, катта ўқитувчилар фаолият олиб боришади. Университетнинг илмий салоҳияти 56 фоизни ташкил этади.

Ренессанс таълим университетида гуманитар, ижтимоий, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, техник хизматлар соҳасида 40 га яқин йўналишлар мавжуд. Бундан ташқари, университетда 7 та кафедра, 12 та бўлим, ахборот ресурс маркази, устоз-шогирд илмий мактаблари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 4 йил давомида талабалар математика, тарих, фалсафа, адабиёт, педагогика ва психология, жаҳон иқтисодиёти, халқаро муносабатлар, туризм, банк иши, молия, бухгалтерия, солиқ, ахборот тизимлари, IT, дизайн бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлади.