Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия федерал канцлери Олаф Шолцнинг тор доирада ва делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари федерал канцлернинг Ўзбекистонга ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
- Буни кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатларини янада ривожлантиришга алоҳида эътиборингиз ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашингизнинг далолати сифатида қабул қиламиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари меҳмонларни Германия федератив республикаси ташкил этилганининг 75 йиллиги ва яқинлашиб келаётган Германия бирлиги куни билан самимий муборакбод этди.
Музокаралар давомида кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўтган йили Берлинда ўтказилган олий даражадаги учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга жиддий туртки бергани таъкидланди.

Барча даражалардаги алоқалар фаоллашди. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард евродан ошди. Германия бизнеси билан ҳамкорлик кенгаймоқда - йил бошидан буён мамлакатимиз иқтисодиётига Германия компанияларининг 800 миллион евролик инвестициялари киритилди.
Июн ойида Тошкентда Ўзбекистон-Германия Ишбилармонлар кенгашининг саккизинчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.
KfW банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг молиявий-техник кўмак лойиҳаларига юқори баҳо берилди.
Ўтган йили Берлин шаҳридаги Янги музейда Ўзбекистон маданий мероси кўргазмасининг ўтказилиши маданий соҳада муҳим воқеа бўлгани, унга Германия пойтахтининг ярим миллиондан ортиқ аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюргани таъкидланди.
Шу йил ёзда Самарқанд шаҳрида Ибн Сино ва Генрих Шиппергес номидаги Тиббиёт фанлари олий мактаби очилгани ҳам мамнуният билан қайд этилди.
Томонлар парламентлар, ҳукуматлар, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги фаол алоқаларни давом эттириш тарафдори эканликларини билдирдилар.
Ташқи сиёсат идораларига Ўзбекистон-Германия муносабатлари даражасини ошириш масаласини кўриб чиқиш, халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш топширилди.














