Россия "Биринчи канал"и Познер эфирга қайтишини эълон қилди
Владимир Познернинг аниқлик киритишича, унинг дастур билан Биринчи каналга қайтиши ҳақида "ҳеч қандай гап" йўқ ва канал фақат унинг филмини кўрсатади.
Россия "Биринчи канал"и бош директори Константин Эрнст 18 сентябр, чоршанба куни телебошловчи Владимир Познер узоқ танаффусдан сўнг "Туркча дафтар" номли янги кўп серияли филми билан эфирга қайтганини маълум қилди. Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, "Познер" муаллифлик дастури "Биринчи канал"да эфирга узатилишини тўхтатди.
Кейинчалик журналистнинг ўзи унинг дастур билан "Биринчи канал"га қайтиши ҳақида "ҳеч қандай гап" йўқлигини ва канал фақат унинг филмини намойиш қилишини айтди. "Бу ғалати хато, "Биринчи канал" менинг жамоам билан суратга тушган фильмни кўрсатади, шекилли, улар менга ҳеч нарса дейишмади. "Биринчи канал" менинг мунтазам дастурлар билан қайтишим ҳақида ҳеч қандай гап йўқ", деди Познер журналист Олег Кашинга.
12 сентябр куни Forbes нашрига берган интервюсида журналист Ғарб телеканаллари унга иш таклиф қилганини, аммо у рад жавобини бергани, чунки улар унга "Путин ҳақида, сиёсат ҳақида ва маълум бир тарзда гапириш" шартини қўйишганини айтди. Ушбу интервюдан сўнг Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Познерни "ўз мамлакатининг ишончли ватанпарвари" деб атади.
Владимир Познер Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида илк бор 2023 йилнинг февралида Американинг Ubiquity University'да бўлиб ўтган онлайн конференцияда гапирган. Ўшанда у Россия президентининг Украинага ҳужум учун жавобгарлигини тан олди, бироқ айни пайтда Ғарбни НАТОни кенгайтиришга интилаётганликда айблади ҳамда АҚШ президенти Жо Байден гўёки Владимир Путин билан "можаро қидирганини" айтди.
Мавзуга оид
16:42 / 21.03.2022
Биринчи канал Овсянниковани хоинликда айблади. Каналдагилар у акциядан олдин «Англия элчихонаси»га қўнғироқ қилганини айтмоқда
10:59 / 29.04.2019
Владимир Познер Марказий Осиё давлатларига демократия керак эмаслигини маълум қилди
21:17 / 30.03.2018
Россиянинг Биринчи канали Кемероводаги фожиа сабабли ҳажвий кўрсатувлар намойиш қилмайди
18:20 / 29.10.2017