Жаҳон | 18:42 / 22.09.2024
8670
2 дақиқада ўқилади

Россия Украина бўйича тинчлик саммитида қатнашмайди

Шу билан бирга, Россия ҳукумати «инқирозни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишдан воз кечмаслигини» маълум қилди.

Фото: Getty Images

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ўз мамлакати расмийлари Украина 2024 йил охиригача ташкил этишни режалаштираётган тинчлик саммитида қатнашмаслигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, тинчлик саммитининг Россия-Украина урушини ҳал қилишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. У буни «англо-сакслар ва уларнинг украин қўғирчоқларининг фирибгарлигининг яна бир кўриниши» деб атади.

«Иккинчи саммит ҳам худди шундай мақсадни кўзлайди – можарони ҳал қилишнинг муқобил бўлмаган асоси сифатида мутлақо номақбул «Зеленский формуласи»ни илгари суриш, жаҳондаги кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланишига эришиш ва Россияга таслим бўлиш ултиматумини тақдим этиш. Биз бундай «саммитларда» қатнашмаймиз», деди Россия ТИВ вакили.

Шу билан бирга, Захарова Россия ҳукумати «инқирозни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишдан воз кечмаслигини» ва «жойдаги» вазиятни инобатга олган ҳақиқатан ҳам жиддий таклифларни муҳокама қилишга тайёрлигини қўшимча қилди.

Биринчи «тинчлик саммити» шу йил июн ойида Швейцарияда бўлиб ўтди ва унда россиялик дипломатлар иштирок этмади. 20 сентябр куни Украина президенти Володимир Зеленский Киев ғалаба режаси устида фаол ишлаётганини ва Россия билан суҳбат учун учта банд тайёрлаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина иттифоқчилари иккинчи тинчлик саммитига Россия томони вакилларини таклиф қилиш зарурлигига рози.

Мавзуга оид