Тўртта вилоятда ерни ноқонуний сотишга уринганлар қўлга олинди
ДХХ ўтказган рейдлар давомида Наманган, Хоразм, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди. Гумондорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудларда рейд тадбири ўтказиб, Наманган, Хоразм, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларини аниқлади. Бу ҳақда Telegram`даги Xavfsizlik канали тезкор тадбирда олинган лавҳаларни эълон қилди.
Хусусан, Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мансабдор ходими ўзининг турмуш ўртоғига деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилган 1 гектар ерни танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришга келишади. У бунинг эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 6900 АҚШ доллари ва 15 млн сўм олган вақтида ушланди. Терговга қадар текширув давомида, жорий йилнинг март ойида ушбу ер майдони мазкур мансабдор шахснинг турмуш ўртоғи томонидан аукцион орқали сотиб олиниб, апрель ойида туман ҳокимлиги билан ижара шартномаси тузилганлиги ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги маълум бўлди.
Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда Урганч тумани ҳокимлигининг ходими 47 ёшли шахс билан ўзаро келишган ҳолда, алдов йўли билан харидорнинг ишончига киришади. Хусусан, унга туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорига мувофиқ, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қуриш мақсадида бошқа бир фуқарога ажратиб берилган, бироқ, тасдиқлаш учун вилоят ҳокимининг қарори чиқарилмасдан ва тегишли тартибда кадастр хужжатлари ишлаб чиқилмасдан, давлат рўйхатига киритилмай қолган 1 гектар ер майдонида енгил типдаги коттежлар қуриш мумкинлигини айтишади.
Шунингдек, туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорини жорий йилда қабул қилинган «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштириб беришни маълум қилишади. Гумонланувчилар хизмати эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, кадастр ва архитектура фаолияти билан шуғулланувчи хусусий фирма раҳбари ҳам ушбу пул маблағидан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.
Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳар кадастр бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Нурота тумани ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилгани маълум бўлди. У олдиндан 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида яшовчи 50 ёшли фуқаро ўзининг турмуш ўртоғи номидаги фермер хўжаликка чорва озуқа экинлари экиш учун ижара шартномаси асосида ажратиб берилган 5,33 гектар ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 80 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
14:41 / 06.11.2024