Жаҳон | 10:10 / 26.09.2024
2464
2 дақиқада ўқилади

Россия университети Украинада жанг қилаётган «Спарта» баталонига ҳомий бўлади

Россия давлат гуманитар университетининг хабар беришича, университет «Спарта» баталони учун 1,3 миллион рубл йиғган. Бу пул дронлар сотиб олишга сарфланган.

Фото: Владимир Гердо / ТАСС

Россия давлат гуманитар университети (РДГУ) Украинага қарши урушда қатнашаётган «Спарта» баталонига ҳомийлик қилади, деб хабар берди университет матбуот хизмати 24 сентябр, сешанба куни ўз сайтида.

Қайд этилишича, 24 сентябр куни университет «Спарта» баталонига 6 та DJI Mavic 3 Pro квадрокоптерларини топширган. «Бугунги кунга қадар РДГУ ходимлари фронтга ёрдам бериш учун 1 300 000 рубл йиғишга муваффақ бўлишди, улардан 1 110 000 рубли учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олишга ажратилди», дейилади пресс-релизда.

Университет ҳар ой баталон эҳтиёжлари учун маблағ йиғишни давом эттиради, «шунингдек, ихтисослаштирилган факултетлар орқали аскарлар ва уларнинг қариндошларига ижтимоий, маданий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатади», дея қўшимча қилди Россия давлат гуманитар университети. Аниқлик киритилишича, Россия давлат гуманитар университети ректори Андрей Логинов ва «Спарта» баталонининг собиқ қўмондони Артем Жога ўртасида тегишли келишувга эришилган.

ОАВда эслатилишича, «Спарта» баталони 2014 йилда Украинанинг Донецк вилояти сепаратистлар назорати остидаги ҳудудида ташкил этилган бўлиб, унга маҳаллий хавфсизлик кучлари вакиллари, россиялик кўнгиллилар, шунингдек, россиялик ўта ўнг фаоллар киритилган».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид