Исроил разведка хизмати «Моссад» томонидан тайёрланган Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ўртасида пейжерларни оммавий равишда портлатиш операцияси «жосуслик санъати акти» бўлиб, сўнгги пайтларда душман тизимига энг муваффақиятли киришлардан бирига айланди. Бу ҳақда Американинг The Washington Post газетаси 5 октябр, шанба куни Исроил, араб ва Америка хавфсизлик хизматлари вакиллари, сиёсатчилар, дипломатлар, Ливан расмийлари ва «Ҳизбуллоҳ»га яқин одамлардан олинган янги тафсилотларга таяниб ёзди.

Операция ғояси 2022 йилда «Моссад»дан чиққан

Режа 2022 йилда Тел-Авивдаги «Моссад» штаб-квартирасида пайдо бўлган, дейди бу масаладан хабардор Исроил ва Америка расмийлари. У 2023 йил 7 октябрда Ҳамас гуруҳининг Исроилга ҳужум қилишидан бир йилдан кўпроқ вақт олдин, «Ҳизбуллоҳ»қуроллари таҳдидининг кучайиши фонида амалга оширила бошланди.

Режани амалга оширишда бир неча мамлакатлардаги бир гуруҳ оператив ва беихтиёр шериклар иштирок этди ва унинг муваффақиятли амалга оширилиши Исроилни «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ўлдиришга ундади, деб таъкидлайди WP.

«Ҳизбуллоҳ» Исроилда пейжерлар ишлаб чиқарилиши ҳақида билмаган

Тайваннинг Gold Apollo ишлаб чиқарувчисидан AR924 пейжерларини сотиб олиш бўйича дастлабки таклиф «Ҳизбуллоҳ» томонидан икки йил олдин олинган. Сув ўтказмайдиган пейжерлар кабел орқали зарядланган ва қайта зарядланмасдан бир неча ой ишлаши мумкин эди. Ливан гуруҳига уларни жангчилар ишонган Яқин Шарқдаги Тайван компаниясининг савдо вакили сотиб олишни таклиф қилган, дея қайд этади нашр.

Шу билан бирга, пейжерларнинг ҳақиқий ишлаб чиқарилиши аутсорсингга берилган ва Gold Apollo савдо вакили қурилмалар «Моссад» назорати остида Исроилда жисмонан йиғилганидан бехабар бўлган, дейди суриштирув муаллифлари.

Портловчи моддани аниқлашнинг имкони бўлмаган

WP манбаларига кўра, пейжерларнинг аккумулятор блокида оз миқдорда кучли портловчи моддалар эҳтиёткорлик билан яширинган бўлиб, «Ҳизбуллоҳ» уларни на қурилмаларни қисмларга ажратиш, на рентген нурлари орқали аниқлай олмаган. Бундан ташқари, жангчилар «Моссад»нинг бу қурилмаларга масофадан уланиш имкони борлигидан бехабар эди. Улар Исроил разведка хизматлари томонидан кузатилиши хавфи йўқлигига ишончи комил бўлган.

«Ҳизбуллоҳ» етакчилари 5 мингта пейжер сотиб олиб, уларни 2024 йил феврал ойида ўрта бўғин аъзолари ва ёрдамчи ходимларга тарқата бошлаган.