Жаҳон | 13:50 / 10.10.2024
3757
2 дақиқада ўқилади

ГФР давлат хизматчилари ва инфратузилма ходимларини текширишни кучайтиради

Германия ҳукумати жосуслик ва қўпорувчиликдан ҳимояланиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳокимият органлари ва муҳим инфратузилма объектлари ходимлари, жумладан, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги баёнотлари текширилиши режалаштирилган.

Фото: DPA

Германия ҳукумати ҳукумат идоралари ва муҳим инфратузилмани жосуслик ва диверсиялардан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ходимларни янада самарали текширишни, жумладан, ижтимоий тармоқлардаги баёнотларни элакдан ўтказишни ҳам ўз ичига олади, деб хабар қилди Германия Ички ишлар вазирлиги 9 октябр, чоршанба куни.

Конституцияни ҳимоя қилиш идоралари Германия хавфсизлиги учун муҳим бўлган давлат идоралари ва компаниялар ходимларининг конституцияга зид баёнотларини аниқлаш учун интернетда кўпроқ текширувлар ўтказиши мумкин бўлади.

Конституцияга содиқлик ва хорижий махсус хизматлар учун заифликларни аниқлаш

Интернетда ва айниқса, ижтимоий тармоқларда «конституциянинг ишончлилигини ҳар томонлама баҳолаш имконини берувчи муҳим маълумотларни кўплаб учратиш мумкин», деди ҳукумат расмий вакили Штеффен Хебештрайт. Бундан ташқари, шу йўл билан давлат хизматчиларининг хорижий махсус хизматлар олдида эҳтимолий заифлигини аниқлаш имкони мавжуд, деди у.

Мажбурий кенгайтирилган текширувлар давлат хавфсизлиги учун муҳим бўлган соҳалардаги ходимларга, шу жумладан электр таъминоти компаниялари ва федерал ҳокимият органлари — федерал вазирликлар, федерал канцлер идораси ва федерал президент идорасига тегишли.

ГФР ҳукумати хавфсизликка хатарларни камайтириш ниятида

Шундай қилиб, федерал ҳукумат хавфсизликка янги таҳдидлар муносабати билан чоралар кўрмоқда, деб таъкидлади Ички ишлар вазирлиги. Идора раҳбари Нэнси Фезернинг тушунтиришича, жосуслик ва диверсиялар орқали демократияга таҳдид «янги даража»га кўтарилган. «Россиянинг Европадаги тажовузкорлиги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартирди. Бундан ташқари, Германия бошқа давлатлар махсус хизматларининг диққат марказида», — дея қўшимча қилди у.

Хавфсизликка хатарларни камайтириш учун Германия давлат бошқаруви ва муҳим инфратузилмадаги нозик вазифалар ва махфий маълумотлар кимга ишониб топширилганини синчиклаб текширади, деди вазир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид