Жаҳон | 10:00 / 17.10.2024
1734
3 дақиқада ўқилади

РФдан олти дезертир Францияда вақтинчалик визалар олди

Олти нафар россиялик дезертир вақтинчалик визалар олди, бу уларга бошпана сўровлари кўриб чиқилаётган вақтда Францияда қолишларига имкон беради, деб ёзади The Guardian.

Фото: AP

Россия Федерациясида жиноий айбловлар бўйича таъқибга учраган олти нафар россиялик дезертирлар вақтинчалик визалар олди, бу уларга сиёсий бошпана сўраш аризалари кўриб чиқилгунга қадар Францияда қолиш имконини беради. Украинага жангга жўнатилган ва 2023 йил ёзида қочиб кетган Россиянинг собиқ шартнома асосида хизмат қилган аскари Александр Британиянинг The Guardian газетасига қандай қилиб Францияга келганини айтиб берди. Нашр ушбу материални 16 октябр, чоршанба куни ўз сайтида эълон қилди.

«Францияга қўнганимда, биринчи марта чуқур нафас ола олдим. Менда хотиржамлик ва эркинлик ҳисси пайдо бўлди... Энг ёмони ортда қолганди», — дейди у.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Россия Федерациясидан дезертирлар гуруҳи Европа Иттифоқи давлатларидан бирига қабул қилинган биринчи йирик ҳолат ҳақида гапирмоқда.

РФдан қочган олти нафар дезертир Францияга етиб борди

Россия Федерациясида жиноий айбловлар билан таъқибга олинган ва Қозоғистондаги таъқиблардан қочган олти нафар россиялик дезертирлар гуруҳи эсон-омон Францияга етиб боришди, у ерда россияликлар бошпана сўраш жараёнини бошладилар, дея хабар қилди 11 октябр куни уларга кетишда ёрдам берган ҳуқуқ ҳимоячилари.

Бу Украинада уруш бошланганидан бери Европа Иттифоқи мамлакати бир неча қочиб кетган россиялик ҳарбий хизматчилар ва сафарбар қилинганлар гуруҳига сафар ҳужжатларини беришга рози бўлгани очиқланган биринчи ҳолат, дейди ҳуқуқ фаоллари.

«Таъқиб остидаги бошқа кўплаб қочқинлар сингари, уларда Россиянинг чет элга чиқиш паспортлари йўқ, Қозоғистонда улар ҳар куни ўғирлаш, ҳибсга олиш ва Россияга экстрадиция қилиш хавфи остида яшаб, кетиш ёки қонуний яшаш имкониятисиз кун кўрдилар. Ҳозир собиқ ҳарбийлар ва "Қурол билан хайрлашиш" Россия дезертирларининг урушга қарши ҳаракатидан сафарбар қилинганлар Францияга етиб борди», — дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари баёнотида.

«Бу бир ярим йилдан ортиқ вақт давомида бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг биргаликдаги фаолияти натижасидир: Russie Liberte, Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси, inTransit, Онгли эътирозчилар ҳаракати», — дейди ҳуқуқ фаоллари. 

2023 йилда Франциянинг бошпана бўйича миллий суди (CNDA) Россия армиясидан ва сафарбарликдан қочган россияликлар мамлакатда қочқин мақомини олиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида қарор чиқарди. 2024 йил июн ойида AFP аниқлаганидек, ўшандан бери CNDA сафарбарликдан қочган 102 нафар россияликка шундай мақом берган, бироқ улар орасида дезертирлар йўқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид