Иқтисодиёт | 17:05 / 20.10.2024
3819
2 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги жорий йилда ишлаб чиқарилган «яшил энергия» миқдори ҳақида маълумот берди

Ҳозирда Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида умумий қуввати 2,7 ГВт бўлган 9 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда битта шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқараётгани айтилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги

Жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 4 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 20 октябр соат 12:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2024 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 4 млрд кВт соатни ташкил қилган.

Ушбу «яшил» электр станциялар томонидан 2024 йил 31 майга қадар 1 млрд кВт соат, 2024 йил 30 август ҳолатига кўра эса 3 млрд кВт соат миқдорида электр энергияси ишлаб чиқарилган.

«Бугун соат 12:00 да мамлакатимиздаги барча қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори жорий йил бошидан 4 млрд кВт соатни ташкил қилди», дейилади вазирлик хабарида.

Шундан қуёш электр станциялари томонидан 3 млрд 493,6 млн кВт соат, шамол электр станцияси томонидан эса 506,4 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.

Бунинг натижасида:

- 1,2 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилган;

- атмосферага 1 млн 680 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳажмдаги электр энергияси 2 млн хонадоннинг 10 ойлик ёки 1 млн 666 мингта хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасини ташкил қилади.

Қайд этилишича, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги қуёш фотоэлектр станциялари 2022 йилда 434 млн кВт соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарган.

Мавзуга оид