Президент Шавкат Мирзиёев 22 октябр куни маҳаллийлаштириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, сўнгги 7 йилда Ўзбекистонга 78 млрд доллардан зиёд хорижий инвестициялар келган. Давлат-хусусий шериклик бўйича қонун қабул қилиниб, мингдан зиёд лойиҳалар бошланган. 1 800 турдаги янги маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, ҳали салоҳият катта. Йиғилишда мазкур йўналишларнинг ҳар бири таҳлил қилиниб, қўшимча имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Бугунги кунда барча тармоқларда 140 млрд долларлик 366 та йирик лойиҳа амалга ошириляпти. Инвестиция лойиҳалари доирасида йилига 15 млрд долларлик ускуна, хомашё ва қурилиш материаллари олиб келиняпти. Шуларнинг ҳар бирида маҳаллий улушни кўпайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Юртимиздаги йирик тармоқларда ҳам шундай имкониятлар бор. Масалан, энергетика тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ, 36 млрд долларлик 164 та қувват яратилади. Шундан 88 таси давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилади.
Тоғ-кон саноати бўйича ҳам 1 млрд 230 млн долларлик дастур қабул қилинган. Соҳадаги йирик комбинатларга маҳаллий корхоналар ўзаро манфаатли боғланган.
Автосаноатда ҳам ушбу йўналишда ишга солинмаган имкониятлар кўп. Биргина қўшни давлатларда автомобил эҳтиёт қисмларига йиллик талаб 1 млрд долларни ташкил қилади.
Маҳаллийлаштириш жараёнида нарх бўйича ҳам, сифат бўйича ҳам рақобатдош маҳсулот чиқариб, экспортни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Ушбу йўналишлар бўйича аниқ лойиҳалар шакллантириб, имкониятларни натижага айлантириш зарурлиги таъкидланди. Саноат тармоқлари билан ҳудудлар ўртасида кооперацияни ривожлантириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Яқинда давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 30 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари тасдиқланди. Бунда ҳар бир соҳанинг имкониятлари очиб берилган. Жумладан, транспорт бўйича 10 млрд доллар, ижтимоий соҳаларда 6 млрд доллар, коммунал тармоқда 5 млрд долларлик режалар кўзда тутилган.


















