Ўзбекистон | 20:04 / 16.04.2024
23923
3 дақиқада ўқилади

Газ-свет тарифлари ўзгариши муносабати билан муҳтожларга қандай ёрдам берилади?

1 майгача минимал истеъмол харажатлари (ҳозирда 621 минг сўм) қайтадан ҳисобланиб, пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорлари оширилади. Ноябр ойида кам таъминланган оилаларга 270 минг сўмдан бир марталик ёрдам пули берилади. Эҳтиёжманд қатламнинг ижтимоий меъёрдан ортиқ фойдаланилган газ-свет бўйича харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.

Фото: Kun.uz

2024 йилнинг май ойидан бошлаб аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ тарифлар ўзгариши муносабати билан кам таъминланган оилаларга ва айрим тоифадаги истеъмолчиларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.

Пенсия ва нафақаларнинг минимал миқдорлари оширилади

1 майгача бўлган муддатда ёқилғи-енергетика ресурслари нархлари ошишини ҳисобга олиб, минимал истеъмол харажатлари қиймати қайта кўриб чиқилади.

Бунда, 1 миллионга яқин энг кам пенсия ва нафақа олувчиларнинг пенсия ва нафақа миқдорлари минимал истеъмол харажатлари қийматидан кам бўлмаган миқдорда қайта ҳисобланади.

Кам таъминланганларга ноябрда 270 минг сўм моддий ёрдам берилади

Аҳолининг муҳтож қатламларини иситиш мавсумида қўшимча ижтимоий ҳимоясини таъминлаш учун 2024 йил ноябрда “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланган оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик компенсация ажратилади.

Бу компенсация билан қарийб 1,5 миллионта кам таъминланган оилалар қамраб олинади.

Компенсация “маҳалла еттилиги” хулосалари асосида, “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестрига кирмаган қўшимча 200 мингдан ортиқ муҳтож оилаларга ҳам тўлаб берилади.

Бунда, “маҳалла еттилиги” томонидан муҳтож оилалар рўйхатлари уйма-уй юрган ҳолда шакллантирилади.

Газ ва светдан базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилганда харажатларнинг бир қисми қопланади

Электр энергияси ва табиий газ бўйича қуйидаги миқдорлардаги истеъмол учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади:

  • табиий газ учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 250 куб метргача;
  • электр энергияси учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 kWh'гача.

Ижтимоий меъёрдан ортган истеъмол учун компенсация олиш учун эҳтиёжманд оила “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ариза беради ва компенсация кейинги ойда ҳақиқий истеъмолидан келиб чиқиб тўлаб берилади.

Мазкур компенсация тўловлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали тўлаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий меъёр электр энергияси учун ойига 200 kWh'гача, табиий газ учун эса март-октябр ойларида 100 кубометргача, ноябр-феврал ойларида 500 кубометргача деб белгиланди.

Мавзуга оид