«Гуржистон орзуси» асосчиси, Россия билан алоқаларга эга бўлган олигарх Бидзин Иванишвили экзит-полл натижаларидан кейин тарафдорлари қаршисида чиқиш қилмоқда, 2024 йил 26 октябр
Giorgi Arjevandze / AFP / Scanpix / LETA

Гуржистон марказий сайлов комиссияси парламент сайловларида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ғалаба қозонганини эълон қилди. Протоколларнинг 99,7 фоизи ҳисоблаб чиқилганда «Гуржистон орзуси» 54,1 фоиз овоз тўплагани маълум бўлган, бу эса унга парламентда якка ўзи ҳукумат шакллантириш учун етарли бўлган кўпчилик ўринларни кафолатлайди, аммо бу Конституцияга ўзгартириш киритиш учун етарли эмас. Парламентга яна тўртта мухолифатчи партия ўтган — «Ўзгаришлар учун коалиция» (10,9 фоиз овоз олган), «Бирлик миллий ҳаракати» (10,1 фоиз), «Кучли Гуржистон», (8,8 фоиз), «Гахария — Гуржистон учун» (7,8 фоиз).

«Гуржистон орзуси» йирик шаҳарларда мамлакатнинг ўртача кўрсаткичидан ҳам ёмонроқ натижаларини қайд этган (Тбилиси — 40 фоиз, Батуми — 49,7 фоиз, Кутаиси — 47,3 фоиз), аммо бу шаҳарларда ҳам биринчи ўринни эгаллаган. Фақат хориждаги участкаларда мухолифат устун келган, хориждаги сайловчиларнинг фақат 15 фоизи ҳукмрон партияни қўллаган.

Энг йирик мухолиф партиялар натижаларни тан олишдан бош тортди. «Бирлик миллий ҳаракати» ва «Ўзгаришлар учун коалиция» сайлов участкалари ёпилганидан бир неча соат ўтиб сайловлар «ўғирлангани»ни маълум қилиб, ҳукмрон партияни «конституцион тўнтариш»да айблади ва 27 октябрдан мунтазам норозилик акциялари бошлашини эълон қилди. «Ўзгаришлар учун коалиция» кенг кўламли сохталаштириш схемасини фош қилганини айтмоқда; тафсилотлар кейинроқ очиқланиши ваъда қилинган. Кейинроқ «Кучли Гуржистон» ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. Учала ҳаракат ҳам қўлга киритилган депутатлик мандатларидан воз кечишини билдирган.

«Гахария — Гуржистон учун» партияси етакчиси Гиорги Гахария эса унинг партияси мандатлардан воз кечиши эҳтимоли ҳақидаги саволга тўғридан тўғри жавобдан қочиб, аввалига кузатувчиларнинг кенг кўламли қоидабузарликлар ҳақидаги ҳисоботини ўрганиш лозимлигини айтган. Шу билан бирга, у ҳам эълон қилинган натижалар «гуржи халқи иродасини акс эттирмаслиги»ни таъкидлаган.

«Бирлик миллий ҳаракати» етакчилари матбуот анжуманидан олдин, 2024 йил 27 октябр
Vano Shlamov / AFP / Scanpix / LETA