Ўзбекистон | 15:57 / 07.11.2024
1705
2 дақиқада ўқилади

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шакли тасдиқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг «Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг намунавий шаклларини тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи қабул қилинди.

Ҳужжат билан:

  • манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома;
  • эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар;
  • манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг шакллари тасдиқланмоқда.

Хабарномада  ходим ўзининг паспорт маълумотларини, ЖШШИР, яқин қариндошларини Ф.И.Ш. ва бошқа маълумотларини, алоқадор юридик шахс ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни акс эттириши лозим.

Декларацияда, кўрсатилган маълумотлардан ташқари эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида маълумот бўлиши керак.

Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар белгиланиши лозим.

Маълумот учун: мазкур шаклларни тўлдириш талаби 06.12.2024 йилдан кучга кирувчи “Манфаатлар тўғрисида”ги қонундан келиб чиқади.

Қонун нормалари қуйидагилар учун амал қилади:

  • давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига;
  • устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига.

Мавзуга оид