Жамият | 18:16 / 25.11.2024
2796
2 дақиқада ўқилади

Тарас Шевченко кўчасининг бир қисми 1 ойга ёпилади

Бунга 24/7 режимда фаолият юритувчи гастрономик кўчани ташкил этиш бўйича ишларнинг иккинчи қисми жадал давом этаётгани сабаб бўлмоқда.

Фото: Миробод тумани ҳокимлиги

Тошкентдаги Тарас Шевченко кўчасининг бир қисми бир ой муддатга барча турдаги транспорт ҳаракати учун ёпилади. Бу ҳақда Миробод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасида 24/7 режимда фаолият юритувчи кўнгилочар (гастрономик) кўчани ташкил этиш бўйича ишларнинг иккинчи қисми жадал давом этмоқда.

Таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан 27 ноябрдан Тарас Шевченко кўчасининг (94-умумтаълим мактабидан) Саид Барака кўчаси кесишмасигача бўлган 200 метр қисми 2024 йилнинг 25 декабр санасига барча турдаги транспорт ҳаракати учун ёпилади.

«Ҳайдовчиларга вақтинча айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қиламиз. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз», — дейилади хабарда.

Октябрь ойида мазкур гастрономик кўча бўйлаб 6 та фотозона барпо этилгани, 39 та кичик ва 17 та катта торшерлар ўрнатилгани, 1 та автобус бекати қурилгани, 39 та видеокузатув камералари ва юзни таниш тизимлари, 20 та ўриндиқ ва чиқинди қутилари ўрнатилгани ҳамда WI-FI тарқатиш тизимлари монтаж қилингани тўғрисида хабар берилган эди.

Мавзуга оид