Гуржистонда 2 декабр, душанба куни мамлакатнинг ЕИ билан яқинлашиш тарафдорлари янги ҳукуматнинг Европа интеграциясига интилишдан бош тортишига қарши қаторасига бешинчи кун норозилик намойишига чиқди. «Кавказский узел» интернет нашри ва бир қатор Telegram-каналлари хабар беришича, ўша куни полиция йиғилганларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагичлар ва тутунли гранаталардан фаол фойдаланган.
Sovanews интернет нашрининг ёзишича, норозилик намойишлари нафақат пойтахтда, балки Гуржистоннинг Батуми, Кобулети, Озургети ва бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда. DW мухбирининг хабар беришича, Тбилиси ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ўн минглаб одамлар кўчаларга чиққан.
Тбилисидаги парламент биноси олдида қаттиқ қўлга олишлар кузатилгани хабар қилинган. Бунга жавобан намойишчилар пиротехника воситаларидан фойдаланишган. Руставели проспектида баррикадалар ўрнатилди. «Эхо Кавказа» хабарига кўра, йиғилганлар норозилик белгиси сифатида парламент биносининг темир панжарасига урган, шундан сўнг сув пурковчи машина ишга туширилган.
«Руставели проспектида давом этаётган митинг тинч йиғилиш доирасидан чиқиб кетди, шунинг учун Ички ишлар вазирлиги парламент биноси атрофини тозалаш учун агрессив норозилик гуруҳи аъзоларига нисбатан қонунда назарда тутилган махсус чораларни қўллайди», — дейилади Гуржистон Ички ишлар вазирлиги 2 декабр куни инглиз тилида эълон қилган баёнотда.
Аввалроқ идора Тбилисидаги намойишларнинг дастлабки тўрт кунида 224 киши қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.
Тбилисида махсус кучлар намойишчиларга қарши сув пуркагичлардан фойдаланмоқда
Тбилисида тўртинчи кун ҳам давом этган оммавий норозилик намойишларида полиция махсус кучлари парламент биноси яқинида тўпланганларга қарши сув пуркагичлардан фойдаланган. «Руставели проспектидаги вазият таранглигича қолмоқда, махсус кучлар парламент ҳовлиси ички ҳудудидан сув пуркагичларни ишлатишда давом этмоқда, бироқ баъзи намойишчилар жойида қолмоқда», деб ёзади Paper Kartuli.
Шу билан бирга, айрим намойишчилар махсус кучларга қарата тош ва пиротехника воситалари отмоқда, деб ёзади «Эхо Кавказа».
















