Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Суриядаги вазият
Сурия президенти Башар Асад режими Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ёрдамисиз бу режимга қарши исён кўтарганларнинг ҳужумларига дош беролмаслиги мумкин, деб хабар беради CNN.
Chatham House таҳлилчиси Нил Куилямнинг таъкидлашича, Москва исёнчиларнинг фаол ҳаракатларига қарамай, фақат минимал даражада қўллаб-қувватламоқда. Унинг фикрича, Россия қуролли кучлари Украинадаги уруш билан банд бўлгани сабабли Сурияда кенг кўламли аралашув эҳтимоли кам.
Бу орада Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўзининг элита бўлинмаларини Суриянинг Ҳомс шаҳрини ҳимоя қилиш учун сафарбар қилди. Reuters хабарига кўра, Ҳомс вилояти Эрондан Ливанга қурол ташиш учун стратегик аҳамиятга эга.
Ҳозирда исёнчилар Хомс яқинидаги асосий транспорт йўлакларини узишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ қўлловидаги Сурия демократик кучлари Дайр-эз-Зур ва Абу-Камални эгаллаб, Эрондан қурол ташиш йўлини муваффақиятли тўсиб қўйди.
Дайр-аз-Зур ва Абу Камол шаҳарлари 2017 йил ноябр ойида Сурия режими кучларининг Россия авиацияси ва «Вагнер» ХҲК кўмагида ўтказган йирик ҳарбий амалиёти натижасида Башар Асад назорати остига ўтган эди.
Жанубдаги шаҳарларда Асад армиясининг аскарлари исёнчилар сафига ўтишда давом этмоқда. Иордания билан чегара пунктлари ҳам исёнчилар қўлига ўтган. Исроил Жўлан тепаликларида ўз иштирокини кучайтириб, исёнчилар фойдаланиши мумкин бўлган инфратузилма ва кимёвий қурол омборларини бомбардимон қилмоқда.
Дераа мухолифат назоратига ўтди
Суриянинг Иордания билан чегарада жойлашган Дераа шаҳрида мухолифат кучлари Башар Асад режими қўшинларини мағлубиятга учратиб, шаҳарни эгаллади. Улар жанубий вилоятдаги бир неча аҳоли пунктлари ва ҳарбий объектларни ҳам қўлга киритди.
Дераа — 2011 йилдаги Сурия фуқаролик урушида режимга қарши қўзғолонлар бошланган тарихий аҳамиятга эга вилоят. У ерда ўқувчилар томонидан мактаб деворига «Эй, доктор, энди сенинг навбатинг», деган шиор ёзилиши билан халқ қўзғолонлари бошланган эди. Бунда дипломи бўйича кўз доктори бўлган Башар Асадга ишора қилинган.






