Бугун халқаро фуқаролик авиацияси куни. Биз ушбу соҳада меҳнат қилаётган минглаб инсонларни касб байрамлари билан муборакбод этамиз. Аммо бугунги ҳикоямизда авиаторлар эмас, уларни кузатувчилар — авиаспоттерлар ҳақида гаплашамиз.
Учувчилар, стюардессалар, аэропортларда самолётларга техник хизмат қилаётганлардан ташқари авиация оламида шундай инсонлар борки, улар ўзларининг қимматбаҳо вақтини темир қушлар — самолётларни кузатишга сарфлашади. Уларни споттерлар деб аташади.
Споттерлик касби Иккинчи жаҳон урушига бори тақалади. Ўшанда Британияда кўнгиллилар душман самолётларини дурбинда кузатиш, йўналишини аниқлаш ва ҳарбийларга хабар бериш билан шуғулланишган. Кейинчалик ҳарбий соҳада турли локаторлар ва радарлар ихтиро қилингач, бунга зарурият йўқолган.
Аммо вақт ўтиши билан енгил фотоаппаратлар ўйлаб топилгач, споттинг мароқли бир машғулотга айланди. Дунёда юз минглаб одамлар самолётларни кузатиш ва суратга олиш билан шуғулланишади.
Авиаспоттинг шунчаки ҳобби эмас. Бу самолётлар, уларнинг моделлари ва йўналишлари ҳақида чуқур билимни талаб этувчи бир санъат турига айланиб бўлган.

Самарқанд халқаро аэропортида Air Marakanda авиакомпанияси ташаббуси билан учинчи бор расмий споттинг тур ўтказилди.
Кузги споттинг турга руспубликамизнинг барча гўшаларидан 40 га яқин споттерлар таклиф этилди.
Споттерлар учиш-қўниш майдончасига чиқиш олдидан анъанавий тарзда текширилди. Сўнгра улар билан хавфсизлик қоидалари ва споттинг этикаси бўйича йўриқнома-суҳбат ўтказилди.
Споттерларнинг иш қуроллари кўп эмас: яхши профессионал фотокамера, дурбин, смартфон ёки ноутбук. Смартфонда турли иловалар орқали самолётларнинг ҳаракатлари кузатилади. Самолёт аэропортнинг ўзида, уча бошлаганда ёки қўнаётганда суратга олинади.

Биз аэропортга келган ёш споттерларни саволга тутдик. Айтиш жоизки, улар яқиндан бошлаб бу соҳага қизиққан. Уларнинг орасида ҳали мактабда ўқиётган ёшлар ҳам кўплиги кишини қувонтиради.
Ҳа, споттерлик — буткул янги соҳа. Девор остида яширинча суратга тушириб, ҳуқуқ-тартибот органлари билан турли машмашалар келиб чиққан бўлса, ҳозир аэропортларнинг ўзи споттинг турлар ташкил қилиб беришмоқда. Табиийки, бу соҳага бўлган қизиқиш самолётга меҳр қўйган ёшлар ўртасида ортиб бормоқда.









