Жанубий Кореянинг собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳён Сеул шарқидаги тергов изоляторида ўз жонига қасд қилишга уринди, деб хабар берган муассаса раҳбари Шин Ён Ҳэ парламентдаги эшитув вақтида.
Амалдор ҳозирда собиқ вазирнинг ҳолати хавотирли эмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, тергов изолятори ходимлари вазиятга тезда аралашган ва Ким Ён Ҳён «ниятидан қайтган».
«Тиббий текширув натижалари кўрсатадики, маҳбуснинг саломатлиги ҳолати яхши, ҳеч қандай муаммо йўқ», — дейилган Жанубий Корея соғлиқни сақлаш вазирлигининг AFP иқтибос келтирган баёнотида.
Ҳодиса сешанба куни кечқурун, Сеулда суд собиқ вазирни исён ташкилотчилигига алоқадорликда айблаб, ҳисбга олиш учун расман ҳукм чиқариши арафасида рўй берган.
Тергов маълумотига кўра, Ким Ёнг Ҳён Жанубий Корея президенти Юн Сок Йолга мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиб, Миллий йиғилиш (парламент) биносига ҳарбийларни жойлаштиришга буйруқ беришни маслаҳат қилган.
Юн Сок Йол 3 декабр куни кечқурун ҳарбий ҳолат эълон қилганди. Парламент эса бу қарорга қарши овоз берди, шундан кейин президент ўз қарорини бекор қилишга мажбур бўлди. Шундан кейин мудофаа вазири истеъфога чиқиб, унга қарши тергов ишлари бошланди.
Президентнинг ўзига қарши ҳам иш кўрилмоқда, унга мамлакатни тарк этиш тақиқланган. Чоршанба куни полиция унинг офисига тинтув ўтказиш учун келган.
Парламент президент Юн Сук Йолни ҳарбий ҳолат эълон қилишдаги иштироки учун «зудлик билан» ҳибсга олишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Резолюция 190 овоз билан қабул қилинди, 95 депутат унга қарши овоз берди. Қонун лойиҳаси ҳарбий ҳолат эълон қилишга алоқадор 8 кишини ҳибсга олишни кўзда тутади. Улар орасида президент Юн Сук Йол, собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳён ва собиқ ички ишлар вазири Ли Сан Мин бор.
Якшанба куни қўлга олинган Ким Ёнг Ҳён сешанба куни адвокатлари орқали узр сўради: «Бу вазият учун барча жавобгарлик фақат менинг зиммамда».
У жанубий кореликлардан узр сўраган ва унинг қўли остидагилар «буйруққа бўйсуниб, ўзига юкланган вазифани бажаргани»ни айтган.
Жанубий Корея полицияси президент офисидан ташқари Сеул полицияси ва парламент биносини қўриқлашга масъул бўлган бўлинма идораларида ҳам тинтув ўтказган.
















