Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея президенти Ли Жэ Мён билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.
Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Корея Республикаси президенти давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб келаётган муносабатлар тарихида муҳим воқеа эканини қайд этди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси Корея Республикаси ўтган йиллар давомида юртимизнинг ишончли дўсти ва энг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланганини таъкидлади.
Бу борада товар айланмаси ва инвестициялар кўрсаткичлари ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистонда Корея сармояси иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз бозорида “Samsung”, “LG”, “Lotte”, “Young One”, “BOMI”, “KIA” ва бошқа йирик компаниялар фаолият кўрсатмоқда.
Жиззах вилоятидаги “KIA” автомобилларини ишлаб чиқариш қувватлари, Миллий болалар тиббиёт маркази, Сургил кони негизидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси ва бошқа йирик лойиҳалар инвестициявий ҳамкорликнинг ёрқин намуналаридир.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Эксимбанки ва “EDCF” жамғармаси билан ҳамкорлик доирасида тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, саноат, АКТ, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, инфратузилма, таълим соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Музокаралар давомида парламентлар, вазирлик ва идоралар, ҳудуд раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари Корея Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг бешта устувор йўналишини айтиб ўтди.

Булар – савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестициялар ҳажмини ошириш, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш.
Жорий ташриф якунлари бўйича инвестиция портфели кўлами янада кенгаяди. Хусусан, умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар тайёрланган. Корея Эксимбанки билан 8 миллиард долларлик Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинган.


















