Озодбек Назарбеков Қирғизистон халқ артисти унвони билан тақдирланди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековни Қирғизистон Республикаси халқ артисти унвони билан тақдирлади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров бугун, 13 декабр куни Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековни қабул қилди, деб хабар беради Маданият вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, учрашувда Садир Жапаров Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим бўғин бўлиб, муштарак тарих, тил, маданият ва анъаналар билан боғланганини алоҳида таъкидлаган.
«Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари бирлаштириб туради. 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилди ва бу ҳамкорликни мустаҳкамлашда маданият муҳим ўрин тутади», — деган Садир Жапаров.
Шунингдек, Қирғизистон президенти 2025 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданияти кунлари икки халқнинг янада яқинлашишида муҳим воқеа бўлишига ишонч билдирган.
Садир Жапаров Озодбек Назарбековни Қирғизистон Республикаси халқ артисти унвони билан тақдирлангани билан табриклаб, унинг мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш ва дўстликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида Қирғизистон миллий филармонияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри Нур Омурбаевга Ўзбекистон халқ артисти фахрий унвони, Қирғизистондаги эркин ижодкор, комуз созандаси Дуйшенбек уулу Закирбекка Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист фахрий унвони берилган эди.
Мавзуга оид
17:01 / 09.12.2024
Қирғиз ҳукумати «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши учун ер ажратди
17:52 / 07.12.2024
Қирғизистон президенти АҚШ ва Европани «Толибон»ни тан олишга чақирди
18:28 / 06.12.2024
Қирғизистондаги шаҳарда барча жамоат жойлари бепул Wi-Fi билан таъминланди
17:52 / 04.12.2024