Ўзбекистон | 17:31
4709
8 дақиқада ўқилади

«Тарихий воқеа». Ўзбекистонда энергетика соҳасида 18 та лойиҳа ишга туширилади

Маросимдаги нутқи давомида президент буни “энергетика соҳасидаги тарихий воқеа” деб атади.

Халқаро конгресс марказида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

Ўз нутқи давомида давлат раҳбари қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватлар ишга туширилаётгани ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилаётганини “энергетика соҳасидаги тарихий воқеа” деб атади.

Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция ишга туширилмоқда.

Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик сақлаш тизими барпо этилди.

Шунингдек, Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС фойдаланишга топширилмоқда.

Хорижий шериклар билан ҳамкорликни изчил давом эттириш йўлидаги янги саҳифа сифатида Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 2,5 минг мегаваттли 6 та электр қувватлари қурилиши бошланмоқда.

Бугун ишга тушаётган қувватлар ва янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқарилиши олди олинади. Энг муҳими – 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади. Бу ўз навбатида иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.

Умуман олганда, келгуси йили жами 84 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу – 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт-соат ёки 1,5 баробар кўп деганидир.

Бу лойиҳалар ишончли ҳамкорларимиз бўлган Masdar, Acwa Power, AKSA Enerji, Хитой ва Германиянинг нуфузли компаниялари билан амалга оширилмоқда.

“Уларнинг барчаси тўғридан тўғри хорижий инвестициялар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бу бизга ва олиб борилаётган ислоҳотларимизга бўлган ишончнинг яққол ифодасидир”, — деди президент.

Шу муносабат билан тадбирда шахсан ва видеоалоқа орқали қатнашаётган Бирлашган Араб Амирликлари саноат ва илғор технологиялар вазири – Masdar компанияси директорлар кенгаши раиси Султон Ал-Жобир, энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий, Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байрактар, Acwa Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян, AKSA Enerji компанияси бошқаруви раиси Жамил Казанчи, Хитойнинг China Energy, China Datang, Германиянинг Hyper Partners компаниялари вакилларига бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирилди.

Шунингдек, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда молиявий ва техник кўмак берган Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банкига алоҳида ташаккур айтилди.

Бугунги лойиҳалар бундан 8 йил аввал энергетика соҳасида бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми экани таъкидланди.

Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон “яшил энергетика”да катта-катта қадамларни қўйди. 

Хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди.

Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган бу тизимда 24 та мустақил энергия ишлаб чиқарувчи субъектлар пайдо бўлди.

“Яшил энергетика” соҳасида бугунга келиб 3,5 минг мегаваттли ёки 10 миллиард киловатт соатга тенг 16 та йирик қуёш ва шамол электр қувватлари ишга туширилди.

Бунинг ҳисобига 2024 йилда “яшил энергия” улуши 16 фоиздан оширилди. Яъни, ўтган қисқа даврда экологик тоза энергия қувватларини йилига 2-3 карра кўпайтиришга эришилди.

Ўтган йилда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард долларлик тарихий маррани забт этди.

Кейинги қадам сифатида 2030 йилга бориб иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш режа қилинган.

Ўз навбатида, келгуси 5 йилда юртимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳозиргидан 1,5 баробар ошиб, 120 миллиард киловатт соатга етади.

Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича мажбурият олган. Президент бу мажбуриятни 2050 йилгача янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Қолаверса, 2025 йил Ўзбекистонда “Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди.

Давлат раҳбари энергетика соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича режаларга қисқача тўхталиб ўтди.

2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт “яшил қувват”ларни барпо этиб, қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Хусусан, 2025 йилда 3,4 минг мегаваттли 18 та қуёш ва шамол станциялари ҳамда 1,8 минг мегаваттли сақлаш тизимлари ишга туширилади. 

Бунинг натижасида келгуси йили “яшил энергия” ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 миллиард киловатт соатга етади. 

Бу 5 миллион хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг ва 6,5 миллион тонна зарарли газларни атмосферага чиқаришнинг олди олинади, деганидир.

Келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро-ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади.

Бундан кейин ҳам соҳага хусусий сектор кириб келишини рағбатлантириб, электр энергияси бозорини ташкил этиш бўйича катта қадамларни қўйилиши таъкидланди.

Хусусан, келгуси йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилади.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик нафақат йирик электр станцияларида, балки соҳанинг бошқа йўналишларига ҳам кенг жорий қилинади.

“Яшил энергетика” йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади. 

Бу борада биринчи амалий қадам сифатида COP29 доирасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудиялик ҳамкорлар билан “яшил энергия”ни Европа минтақасига экспорт қилиш бўйича илк битим имзоланди.

Минтақавий энергия тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшни давлатлар билан ягона платформа ишга туширилади.

“Яшил энергетика” бошқа соҳа ва тармоқлар жадал ривожи, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши учун янги драйверга айланмоқда. Хусусан, аҳоли ва маҳаллий тадбиркорлар соҳага катта қизиқиш билдирмоқда. 

Бундай корхоналарни рағбатлантириш мақсадида ҳудудларни ривожлантириш дастурларида “яшил лойиҳа”лар улушини келгуси 5 йилда 5 баробарга оширилади.

Бу борада техникумларда саноат корхоналари билан дуал таълим тизими, 5 та олийгоҳда илғор муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, энергетика, металлургия, кимё, электротехника соҳаларида нуфузли компаниялар билан бирга изланиш ва ривожлантириш йўналишида ҳамкорлик кенгайтирилади.

“Барчангизга ишонтириб айтмоқчиман: Янги Ўзбекистон – инвестицияларни ҳар томонлама кафолатлайдиган, сизларнинг барча лойиҳа ва ташаббусларингизни тўла қўллаб-қувватлайдиган, хорижий ҳамкорларимиз манфаатларини ҳимоя қиладиган дунёга очиқ мамлакатдир”, - деди президент сўзининг якунида.

Давлат раҳбари рамзий дастакни босиб, якунланган объектларни ишга туширди ва янги лойиҳалар қурилишига старт берди.

Мавзуга оид