Экспатлар учун Цюрихнинг нимаси яхши?
Mercer ҳисоботида айтилишича, Цюрихнинг танланиши “сифатли давлат хизматлари, жиноятчилик даражасининг пастлиги ва фаол маданий ҳаётга асосланган”. Самарали инфратузилма ва барқарор ривожланишга интилиш буларга қўшимча бўлади.
Ҳисоботда, шунингдек, шаҳар авиацияси яхшилангани таъкидланган: 2024 йил ёзида бошқа қитъаларга бориш-қайтиш рейслари кўпайтирилди. Энди Цюрихдан SWISS авиакомпанияси орқали Сеул, Шанхай, Вашингтон ва Торонтога, шунингдек Tunisair ва бошқа авиакомпаниялар билан Тунис ва Жербага учиш мумкин.
“2024 йилда Цюрихда Атланта, Клоуж, Жерба, Кошица ва Тунисга парвозлар йўлга қўйилди, бунинг натижасида хорижликларг учун уйга бориш ва қайтиш ҳар қачонгидан осонлашди”, — деди авиакомпаниялар йўналишлари бўйича таҳлилчи Жеймс Пирсон Euronews Trave компаниясига.
Цюрихда 400 000 дан ортиқ швейцариялик бўлмаган аҳоли истиқомат қилади, бу эса уни мамлакатдаги энг йирик хорижий жамоага эга шаҳарга айлантиради. Бироқ Цюрихда жойлашган кадрлар танлови ва лойиҳа хизматлари бўйича Rigby AG компанияси маълумотларига кўра, бу шаҳар яшаш учун қиммат, айниқса ижарада турувчилар учун.
Цюрихда яшаш нархи рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган Венадагига қараганда 71,8 фоиз юқори. Хусусан, уй-жой ижараси нархлари Венадагидан 127,6 фоиз баланд, озиқ-овқат маҳсулотлари эса тахминан 65 фоизга қимматроқ. Бироқ бу ерда иш ҳақи ҳам юқори бўлгани сабабли, чет эллик мутахассислар даромад топа бошлаши билан турмуш тарзи яхшиланишни бошлайди.
Цюрих шаҳри мунтазам равишда юқори турмуш даражаси билан ажралиб туради. 2024 йилги дунёнинг энг бахтли шаҳарлари рўйхатида у Даниянинг Орхус шаҳридан кейин иккинчи ўринни олган. 2024 йилги IMD Smart City Index халқаро рейтингида Цюрих кетма-кет бешинчи йил биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бундан ташқари, Европа Комиссияси уни Европанинг яшаш учун энг қулай шаҳри сифатида эътироф этган.
Европанинг яна қайси шаҳарлари экспатларни ўзига тортади?
Mercer ҳаёт сифати индексидаги энг яхши 10 та шаҳарнинг саккизтаси Европа шаҳарлари бўлиб, фақат Окленд ва Ванкувер бундан мустасно.
Юқори рейтингга эга бошқа шаҳарлар орасида Вена ҳам бор. У 2023 йилдаги биринчи ўриндан бир поғонага пастлаган. Швейцариядаги Женева икки поғонага кўтарилиб, бу йил учинчи ўринни эгаллади.















