Россия ва Европа ўртасида ҳарбий можаро юз берган тақдирда ғолиблар бўлмайди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Россия — Африка форумидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтди.

«Бу тўғрими-йўқми, кўпчилик 2030 йилгача урушга тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида гапирмоқда. Биринчидан, биз тайёрмиз. Аммо Европа билан ҳеч қандай урушни истамаймиз. Агар кимдир урушни истаётган бўлса, марҳамат, тайёргарлик кўраверсин», — деди у.

Путин Ғарб Россияга стратегик мағлубият етказиш мақсадига эриша олмаганини ва 2030 йилга бориб ҳам бунга эришиши даргумон эканини таъкидлади.

«Мабодо вазият ҳаддан ташқари чуқурлашиб кетса, мутлақо ғолиблар бўлмайди. Буни ҳеч ким унутмасин», — дея қўшимча қилди Россия президенти.

У, шунингдек, Россияда Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидан олинган сабоқлар ёдда сақланиши ва бундай воқеалар такрорланмаслиги учун барча чоралар кўрилаётганини айтди.