Жаҳон | 01:52
1416
2 дақиқада ўқилади

Mango дўконлар тармоғи асосчиси тоғдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлди

71 ёшли Исак Андик Каталониядаги Монсеррат монастирига кетишда баландликдан тоғ дарасига тушиб кетиб ҳалок бўлди. Жорий йилда Forbes журнали уни Каталониянинг энг бадавлат инсони дея тан олганди.

Фото: Getty images

Испаниянинг Mango дўконлар тармоғи асосчиси 71 ёшли Исак Андик Каталониядаги Монсеррат монастирига кетишда баландликдан тоғ дарасига тушиб кетиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда ўз манбаларига тайнаиб, El Pais нашри хабар берди.

Андикнинг вафоти ҳақида Mango компанияси ҳам эълон қилди, бироқ бахтсиз ҳодиса қандай ҳолатда юз берганига аниқлик киритилмаган.

«Исак барчамиз учун намуна эди. У бутун ҳаётини Mango’га бағишлаб, ўзининг стратегик қарашлари, илҳомлантирувчи етакчилиги ва компаниямизга ўзи сингдирган қадриятларга содиқлиги билан ўчмас из қолдирди… Унинг кетиши улкан бўшлиқ пайдо қилмоқда, аммо барчамиз қайсидир маънода унинг мероси ва у эришган ютуқлардан далолат берувчилармиз», — дейилади компания хабарида.

El Pais’нинг ёзишича, Андик тоғлар, пиёда саёҳатларга қизиққан ва кунни оиласи билан ўтказган. Андик 100 метрдан зиёдроқ баландликдан қулаб тушгани боис уни қутқаришнинг имкони бўлмаган.

Исак Андик 1984 йилда укаси Нахман билан Punto Fa, S.L компаниясига асос солган, ўша йилнинг ўзида улар Барселонада биринчи Mango аёллар кийим дўконини очган. Ҳозирда бренднинг 110 мамлакатда 2,7 мингга яқин дўкони мавжуд. Жорий йилда Forbes журнали Исак Андикни Каталониянинг энг бадавлат инсони дея тан олган, шунингдек, у Испаниянинг энг бадавлат инсонлар рўйхатига ҳам кирган. Андик ҳамда унинг оиласини бойлиги 4,5 миллиард еврога баҳоланади.