Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун махсус ҳудуд ажратилиши мумкин
ИИВ тунги иқтисодиёт соҳаси учун алоҳида орган ёки таркибий бўлинма ташкил этишни таклиф қилди.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов раислигида тунги иқтисодиётни ривожлантиришга доир таклифлар ишлаб чиқишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Транспорт вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Туризм қўмитаси, Статистика агентлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этдилар.
Учрашув бошида тунги иқтисодиётни ривожлантиришнинг аҳамияти ва долзарблиги, мазкур йўналишнинг иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини оширишдаги улкан салоҳияти алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, АҚШ, Австралия, Буюк Британия ва Туркия тажрибаси, жумладан, 24/7 режимида ишлайдиган кўчалар мисолида муваффақиятли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Музокаралар давомида идоралар вакиллари тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш бўйича асосий таклифларни билдиришди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун ягона талаблар ва стандартларни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солишга, аниқ ва шаффоф қоидаларни жорий этишга, шунингдек, ушбу соҳада янги иштирокчилар оқимини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Ички ишлар вазирлиги вакили тунги иқтисодиёт соҳаси учун алоҳида орган ёки таркибий бўлинма ташкил этишни таклиф қилди. Мазкур фикрга кўра, марказлашган мувофиқлаштириш тизими юзага келадиган муаммоларга, хусусан, тунги вақтда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига тезкор жавоб бериш имконини беради.
Савдо-саноат палатаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун махсус ҳудуд ажратиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилишди. Учрашув иштирокчиларининг фикрига кўра, бу қулай инфратузилмани яратиш, барқарор рақамли хизмат кўрсатишни таъминлаш, шунингдек, хавфсизлик, хизматлар учун тўлов ва ташриф буюрувчилар оқимини бошқариш каби жараёнларни мониторинг қилиш ва назорат қилиш учун замонавий технологияларни жорий этиш имконини беради.
Учрашув якунида барча вазирлик ва идоралар вакилларига Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Ушбу иш доирасида асосий йўналишлар, жумладан, ҳуқуқий тартибга солиш, хавфсизликни таъминлаш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш масалалари аниқланади.
Яқин вақт ичида шаклланган таклифларни муҳокама қилиш учун навбатдаги учрашув ўтказилиши режалаштирилмоқда. Натижада, тўпланган тавсиялар асосида Тунги иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси ва Ўзбекистон президентининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Мавзуга оид
13:41 / 16.12.2024
2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 200 млрд долларга етиши мумкин
20:24 / 14.12.2024
Қайси мамлакат иқтисодиёти 2024 йилда энг яхши натижаларга эришди?
20:41 / 27.11.2024
Президент ҳудудларнинг инвестициявий фаоллигини янада оширишни буюрди
11:28 / 20.11.2024