Reflect Orbital «қуёш нури — хизмат сифатида» концепциясини ишлаб чиқмоқда. Ғояга кўра, орбитага катта ойналар билан жиҳозланган сунъий йўлдошлар чиқарилади. Улар қуёш нурини Ернинг муайян ҳудудларига йўналтириб, қоронғи тушганидан кейин ҳам буюртма асосида ёруғлик етказиб бериши керак.

Бироқ бу ташаббус илмий жамоатчиликда жиддий баҳсларга сабаб бўлди. Астрономларни, айниқса, келажакда орбитада тунги осмонни ёрита оладиган ўн минглаб сунъий йўлдош пайдо бўлиши эҳтимоли ташвишга солмоқда.

АҚШ Федерал алоқа комиссияси — FCC 2026 йил 9 июлда компанияга Earendil-1 тажриба сунъий йўлдошини орбитага жойлаштириш ва ундан фойдаланишга рухсат берган. Қарор астрономия ҳамжамиятининг эътирозларига қарамай қабул қилинган.

Октябр ойида компания ўз ғоясининг имкониятларини намойиш қилиш учун Калифорния чўлида тажриба ўтказди. Кучли прожекторлар ёрдамида тоғ ёнбағри ва атрофдаги ҳудуд ёритилди. Шу тариқа келажакда космик ойналардан қайтарилган нур Ер юзасида қандай ёритиш ҳосил қилиши мумкинлиги кўрсатилди.

Бироқ маҳаллий астрономлар тажриба ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Бу ҳолат лойиҳага нисбатан норозиликни янада кучайтирган.

Компания эълон қилган реклама суратида Калифорниянинг Лоун-Пайн шаҳри яқинидаги манзара акс этган. Узоқда кўринаётган кучли ёруғлик манбаи паст бўйли буталардан узун соялар туширган. Ҳудуддаги ёритиш тўлин Ой берадиган ёруғликдан ҳам кучлироқ бўлган.

Тажриба, афтидан, айрим маҳаллий мансабдорлар ва округ маъмурияти учун ҳам кутилмаган ҳодиса бўлган. Компания синовни ўтказиш учун рухсат олганми, уни қайси тартибда расмийлаштирган — бу саволларга ҳозирча аниқ жавоб йўқ.

Reflect Orbital вакиллари лойиҳанинг амалий фойдаси катта бўлишини таъкидламоқда. Компанияга кўра, космосдан қайтариладиган қуёш нури қуёш энергетикаси имкониятларини кенгайтириши, тунги қидирув-қутқарув ишларини енгиллаштириши ва табиий офатларга тезкор жавоб беришда ёрдам бериши мумкин.

Ғоянинг энергетикага оид қисми қуёш ботганидан кейин ҳам тегишли ҳудудларга нур етказишга асосланган. Қидирув-қутқарув ишларида эса қоронғи жойларни ёритиш орқали одамларни топиш ва уларга ёрдам кўрсатишни осонлаштириш таклиф этилмоқда.

Астрономлар эса бундай хизматнинг эҳтимолий оқибатларига эътибор қаратмоқда. Уларнинг огоҳлантиришича, кучли ёруғлик осмон жисмларини кузатишга жиддий халақит бериши, айрим шароитларда эса кузатувларни имконсиз қилиб қўйиши мумкин.